"Бу ғалаба ҳеч нимани ўзгартирмайди" - "Қизилқум" бош мураббийи кетяптими?
Навоийнинг “Қизилқум” клубининг сафарда АГМК жамоасига қарши ўйинида кўпчилик Миржалол Қосимов шогирдларининг имкониятини юқори баҳолаганди. Аммо “Қизилқум” барчанинг тахминларини йўққа чиқариб юборди.
Легионер футболчи Олег Толмасов томонидан киритилган ягона гол “Қизилқум”га жуда қимматли уч очкони тақдим этди. Янада эътиборлиси, навоийликлар иккинчи бўлим бошларида майдонда бир футболчи кам бўлиб қолгандилар. Станиславлевич қизил карточка туфайли четлатилди. Бу АГМКга сон жиҳатдан ҳам устунлик тақдим қилгани рост. Лекин шунда ҳам майдон эгалари вазиятни ўзгартиришнинг уддасидан чиқа олмадилар. Аниқроғи, бунга меҳмонлар йўл қўйишмади. “Қизилқум” бош мураббийи Никола Лазаревич бу ҳақида Sports.uz журналистига шундай деди:
- У ва ўша ўйинчисиз ҳам ўзимизга жуда қийин бўлишини билардик. Қолаверса, ўйин охирига қадар бу натижани сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Шундан кейин бир ўйинчи кам бўлиб қолгач, бизга осон бўлмади. Аввало, интизомни охиригача сақлаб қолишга интилдик. Йигитлар ўзларининг 100 фоиз имкониятини ишга солган ҳолда тўп суришди. Интизомни унутишмади ва охир-оқибат ўзимизга керакли бўлган натижани сақлаб қолдик.
Маълумки, “Қизилқум”нинг АГМКга қарши ўйинидан аввал бош мураббий Никола Лазаревич учун бу унинг Навоий жамоасидаги охирги учрашуви бўлиши мумкинлиги хусусида ҳам гап-сўз йўқ эмасди. Албатта, мазкур жараён сабаб бош мураббий билан кун ора алоқада бўлиб тургандик. Бироқ Никола бу хусусида тайинли жавоб айтмаётганди. Ўйиндан кейин сербиялик мутахассис “Қизилқум”ни тарк этяпсизми, деб сўраганимизда қисқача жавоб қайтарди: “Буни ҳеч бир изоҳсиз қолдираман. Ҳаммаси тез орада ойдинлашса керак”.
Лазаревич жамоаси билан Олмалиқдан ғалаба қайта олди. Балки энди ушбу ғалаба унинг “Қизилқум”даги фаолиятига ижобий таъсир кўрсатса керак, деб ўйладик, лекин бош мураббий бунга бироз бошқачароқ гапирди “ўзимга келадиган бўлсак, эришилган ғалаба ҳеч нимани ўзгартирмайди”, - дея қўшимча қилди.
Ростини айтганда, анчадан бери “Қизилқум”да Лазаревич ва футболчилар билан боғлиқ қандайдир муаммо борлиги ҳақида эшитиб келамиз. Аммо бу қанчалик ҳақиқат ёки ҳақиқат эмаслиги борасида тортишмоқчи эмасмиз. Лекин бизни қизиқтираётган масала бўйича ҳам бош мураббийдан сўрамасак бўлмасди. Шу сабабли ундан жамоадаги ички муҳит ҳамда ўйинчилар билан ўзаро муносабатини билишга ҳаракат қилдик.
- Жамоага янги мураббий келар экан, барча янги ўйинчилар билан танишиш, клуб тизимини тушуниш учун маълум вақт керак бўлади. Бундан ташқари, мураббийда керакли ўйинчиларни танлаш имконияти йўқлиги ҳам унга қийинчилик туғдирмасдан қолмайди. Негаки, мавсум ўртасида келган мураббий ўйинчилар селекциясини ўзи амалга ошириш имкониятидан маҳрум. Шунга қарамай, биз ўзаро тушунишни қисқа фурсатда йўлга қўйдик ва чемпионлик йўлида барчасини ҳал қилишга интиляпмиз. Буларнинг бари клуб ичидаги гаплар. Айни пайтда айтишим мумкинки, жамоадаги муҳит жуда яхши ва ижобий.
Дарвоқе, “Қизилқум”да АГМК билан ўйин олдидан жиддий йўқотишлар бор эди. Жумладан, Игнатий Нестеров, Олег Зотеев ва Темурхўжа Абдуҳолиқов дисквалификация сабабли ёрдам бера олмадилар. Қизиқ, бундай етакчиларнинг йўқлиги туфайли Лазаревич қаттиқ хавотир бормиди?
- Ҳа, улар ёрдам бера олишмади. Бу ўзига хос даражада катта йўқотиш бўлди. Аммо унчалик ҳаяжонга тушмадим. Негаки, бизда бир қатор футболчилар бор ва ҳаммалари шу даражага жавоб бера олишади. Улар буни АГМКга қарши учрашувда ҳам намойиш этишди, - деди навоийликлар устози.
Фикрлар