"Бу мусобақа бизга хатоларимизни кўрсатиб берди, кун келиб уларни ҳам "олтин авлод" сифатида эслашади" - Мурзоев термамизнинг "CAFA"даги иштироки ҳақида

"CAFA Nation’s Cup" халқаро мусобақаси ҳам якунига етди. “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган финалда афсуски, миллий терма жамоамиз Эронга 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Сердар Азмуннинг ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилди.

Барчамиз, шу жумладан футболчиларимиз ҳам "CAFA Nation’s Cup" халқаро мусобақаси ғолиблигини жуда хоҳлашганди. Бироқ финалда Эрон дарвозасига тўп киришни истамади. Ушбу ўйин мухлис ва мутахассисларда турлича таассурот қолдирган бўлиши мумкин. Бу борада ишқибозларга яхши таниш бўлган Камолиддин Мурзоев ўз фикрларини айтди.

"Аввало, мусобақага тўхталадиган бўлсак, бундай турнир ўзимизда нуфузли қилиб ўтказилди, - дея гап бошлади, Камолиддин. - Ташкилотчилик жиҳатидан ҳам жуда яхши ўтди, деб ўйлайман. Фақат афсуски, кульминацион нуқтасини бизнинг жамоамиз қўймаганлиги бўлди. Умуман, учрашув тўғрисида тўхталсак, футболчиларимиз майдонда кўрсатишдики, биз Эрондан кучсиз эмасмиз. Деярли тенгма-тенг кураш олиб борилди. Бундай учрашувларда биргина хато ва вазият кўп нарсани ҳал қилади. Эрон худди шундай имкониятдан фойдаланиб кетди. Бизда эса аксинча, вазиятларимиздан фойдалана олмадик.

узб эрон

Очиғини айтсам, йигитларимиз биринчи дақиқадан ўйинни бошлашганида менга ёқди. Рақиб кимлиги ҳақида деярли ўйламасдан беллашувга киришишди. Айтмоқчиманки, Эрон бизнинг асосий рақибимиз, уларни ютмаганмиз, деган ўй-хаёллар йўқ эди. Бундан олдинги учрашувларда ҳам йигитларимизнинг ўйинларидан, кўзларидан шу нарса маълум эдики, бу беллашувни кутишганди. Кучли рақиб устидан ўз майдонимизда, мухлисларимиз кўз ўнгида ғалаба қозонишни мақсад қилишганди. Афсус, кўзланган мақсад амалга ошмади. Лекин Эрон синдроми босим ўтказди, деган фикрдан йироқман.

узб эрон2

Эътибор берсак, бизда кўп йилларда “олтин авлод”лар бўлиб келган. Ҳозирги терма жамоамизни ҳам ўзига яраша “олтин авлод” деб атасак бўлади. Чунки, ўйлайманки, бир-бирига яқин бўлган маҳоратли, кучли футболчилар йиғилган. Бир нечтаси хориж клубларида ўйнаётгани ёқимли ҳолат. Тўғри, терма жамоаларда ҳам авлодлар ўзгариши бўлиб туради. Ўйлайманки, ҳозирги йигитларимиз ўз ортларидан яхши таассурот қолдирадилар ва бир кун келиб уларни ҳам “олтин авлод” сифатида эслашади. Кўп нарса футболчиларимизнинг қўлида. Бу мусобақа бизга хатоларимизни кўрсатиб берди, деб ўйлайман. Тўғри хулоса чиқариш керак ва олдинга интилишда давом этиш лозим. Асосий мақсадимиз жаҳон чемпионати!", - дейди Мурзоев.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!