Бугун 23 ёшга тўлган Шаҳзод Убайдуллаев Суперкубокда майдонга тушмайди

Бугун Минскда Беларусь Суперкубоги учун “Шахтёр” ҳамда БАТЭ ўртасида муҳим ўйин бўлиб ўтади.

Биласиз, иккала жамоада ҳам ўзбекистонлик легионерлар тўп суряпти. “Шахтёр”да Шаҳзод Убайдуллаев, БАТЭда эса Шаҳбоз Умаров. Шу боис ҳамма Беларусь Суперкубогида ўзбекистонлик футболчилар дуэлини кўришга жуда иштиёқманд эдилар.

Бунинг устига бугун Убайдуллаевнинг туғилган куни. У 23 ёшни қарши олди. Шаҳзоднинг таваллуд топган кунида эса, жамоаси билан Беларусь Суперкубогида иштирок этиш имконияти бор эди.

Sports.uz мухбири легионеримизни туғилган куни билан табриклаш мақсадида алоқага чиққанди. Самимий тилаклар билдирилганидан кейин, Убайдуллаев кутилмаганда бугунги ўйинда иштирок эта олмаслигини маълум қилди.

Эътиборлиси, у ҳаттоки 20 кишилик рўйхатда ҳам йўқ. Бунинг сабабини футболчининг ўзи ҳам билмайди. Ваҳоланки, Дубайдаги ўқув-машғулот йиғинлари давомида ташкил қилинган назорат беллашувларида тўртта гол урганди.

Футболчимизнинг "Шахтёр"даги дебютини яна бироз кутадиган бўлдик. Аммо мураббий билан муносабати яхши эканлигини қўшимча қилди. Демак, бу борадаги барча саволнинг жавоби бош мураббийда.

Эслатиб ўтамиз, “Шахтёр” ҳамда БАТЭ ўртасидаги учрашув 21:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!