Бугун ЕЧЛ финали ёхуд финал олдидан SPORTS.uz сайти ижодкорларининг тахминлари билан танишинг
Хабарингиз бор, бугун бутун дунёдаги футбол ишқибозларининг бор эътибори Париж шаҳрига қаратилади. Боиси Европа чемпионлар лигаси финал ўйини доирасида "Ливерпуль" "Реал" Мадрид жамоасига қарши баҳс олиб боради.
SPORTS.uz интернет-нашри ижодкорлари ҳам бу қизиқарли ва шиддатли ўтиши кутилаётган ўйин олдидан ўзларининг тахминларини билдириб ўтди.
Қуйида сайтимиз ижодкорларининг тахминлари билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Азамат Умаров - 3:1. "Реал" фойдасига. Тажриба, ноаниқ услуб ва қачон нима қилиш кераклигини биладиган "айёр" шахслар эвазига номинал меҳмонлар ғалаба қозонишини кутяпман.
Ахмад Эшматов - 2:1. Ливерпуль клубининг шу ҳисобдаги ғалабасини тахмин қилмоқдаман. Тажриба борасида мерсисайдликлар рақибдан жуда орқада, деб ўйламайман. Ҳал қилувчи гол сўнгги дақиқаларда урилса керак.
Шуҳратбек Жўраев - 2:0. "Қироллик клуби" фойдасига. Мадридликлар рақиб қанчалар кучли бўлмасин, чемпионлар лигаси доирасида бўлиб ўтадиган ҳар бир баҳсда фаворит. Улар бу мусобақада 13 марта ғолиб бўлгани бежизга эмас.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев - 2:0. "Ливерпуль" ғалабасини кутяпман. Сабаби, жамоа аввалги финалда "Реал"га ютқазган "Ливерпуль"дан анча тажрибали. Футболчилар катта ўйинларда етарлича маҳорат тўплай олди, деб ўйлайман.
Одилбек Файзуллаев - 2:1. "Қироллик клуби" бундай ўйинларда охирги марта қачон ютқазганини эслай олмадим, тўғриси. Тахминим бу сафар ҳам испанияликлар чемпион бўлади. Мабодо тескари ҳолат кузатиладиган бўлса, бу мен учун ажабланарли ҳол бўлади.
Бахтиёржон Тоштемиров - 2:0. "Реал" ютса керак, деб ўйлайман. Катта саҳнага яна ўша Бензема чиқади ва бу сафар "Олтин тўп" борасидаги миш-мишларга бутунлай чек қўяди. Албатта, бу бир тахмин, холос.
Жалол Аҳмедов - 2:1. "Ливерпуль" шу ҳисобда ғолиб бўлса, хайрон қолмайман. Клуб охирги ўйинларда анча кучлидек таассурот қолдирмоқда. Бироқ мерсисайдликлар қаршисидаги рақиб "Реал" эканини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. "Қироллик клуби" осонликча енгиладиган жамоалардан эмас.
Шаҳзод Холбаев : Ҳисобни билмадим-у, "Реал" 2 та тўп фарқи билан чемпион бўлса керак. Мадридликларда барибир тажриба ўз сўзини айтишини тахмин қилмоқдаман.
Жалолиддин Қобилжонов - 2:1. "Реал" шу ҳисобда зафар қучади, деб ўйлайман. Чемпионлар лигасида ҳеч бир клуб мадридликлар каби барқарор ўйин кўрсата олмайди. Шу томонлама "қироллик клуби" бугунги баҳсда фаворит.
Жавоҳир Азимов - 3:2. Испания чемпионлари фойдасига. Финалда кўп гол урилишига сабаб икки жамоанинг ҳам ҳужуми оптимал ҳолатда. Ҳимояга қараганда, олдинги чизиқ стабил кўринишда. Шу сабаб камида 3 та гол урилса керак, деб ўйлайман. "Ливерпуль"да иштиёқ кучли бўлиши мумкин. Бироқ "Реал"нинг футболчилари катта ўйинларда анча "пишган". Шунингдек, таркибдаги кўплаб футболчилар учун бу охирги катта финал бўлиши мумкин.
Карим Худайқулов - 3:1. Бугун қаттиқ кураш бўлади майдонда. "Ливерпуль" учун осон ғалаба бўлмайди. "Қизиллар" стабил ва руҳан соғлом жамоа. Уларнинг ўйини ўхшаса, рақибларга қийин бўлади ва сўнгги пайтларда кўпинча шундай бўляпти. Демак, уларни мағлуб этиш учун улардан-да кучлироқ ўйнаш керак. "Реал"ни нима қила олишини ўзингиз яхши биласиз. Ўйин сўнггида қиладиган "трюклари" бор Мадрид клубини.
Шохруҳ Зоиров - 2:1. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланиб, қўшимча бўлимларда Мадрид жамоаси зафар қучса керак. Финал бўлганлиги боис жамоалар жуда кўп гол уради, деб ўйламайман. Биринчи "Ливерпуль" гол уриб, кейин "Реал" яна камбек амалга оширса, ажаб эмас. Нима бўлганда ҳам, муҳими, чиройли ва томошабоп футбол кўрамиз, деб умид қиламан.
Фикрлар