Бугун "Ўзбек классикоси" ёхуд сиз соғинган ўйинлар остонасидамиз
Бугундан яна Суперлига карвони йўлида давом этади. ФИФА кунлари якунлангач, чемпионатдаги 18-турга старт берилади. 13-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган учрашувларни мухлислар соғиниб қолишган.
13 сентябрь
18:15. “Қизилқум” – “Сўғдиёна”
18-тур Қаршида “Қизилқум” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари иштирокидаги ўйин билан бошланади. Медаллар учун курашаётган жиззахликларнинг “Қизилқум” билан баҳсда имконияти бироз юқори баҳоланяпти. Лекин чемпиоанатимиздаги танаффусда ким қандай тайёрлангани ушбу учрашувда ўз сўзини айтади. “Қизилқум” охирги пайтлардаги қўлга киритилган очколар сабабидан хавфли зонадан бироз узоқлашди. Иккала жамоанинг асосий кучи бу легионерлари билан боғлиқ. Бу учрашувда уларга кўп нарса боғлиқ.
19:30. “Пахтакор” – “Нефтчи”
“Ўзбек классикоси” номи билан танилиб кетган “Пахтакор” – “Нефтчи” қарама-қаршилиги яна барчанинг диққат-эътиборида. Медаллар учун курашаётган иккала жамоа ўртасидаги ўйин очиқ футбол остида ўтиши катта эҳтимол. Шу боис голлар кўрсак керак. Балки дуранг ҳам бўлар, аммо бунда ҳам жанговар натижа кузатилиши мумкин. Шиддатли ва ҳужумкор футбол ҳаммага ёқади.
14 сентябрь
19:30. “Навбаҳор” – “Насаф”
Турнинг яна бир муҳим ва марказий ўйини Наманганда бўлиб ўтади. 14 сентябрь оқшомида Ўзбекистон Кубоги финалига чиққан “Навбаҳор” уйида турнир карвонбошиси – “Насаф”ни қабул қилади. Гарчи иккинчи даврада ўйини анча ўзгарганига қарамай, наманганликлар 23 очко билан 7-поғонада. Уларда битта захира ўйини ҳам бор. Ўз олдига катта мақсад қўйган “Навбаҳор” учун албатта чемпионатдаги бундай натижа мухлисларини хурсанд қилмаётгани турган гап. “Насаф” билан учрашувда “Навбаҳор” уч очкони қўлга киритиб, имкон қадар турнир жадвалидаги мавқеини яхшилаш ҳаракатида. Аммо тан олиш керакки, бугунги кунда “Насаф” ўз ўйини билан пешқадамга мослигини кўрсатиб келяпти. Ҳа, Рўзиқул Бердиев жамоасини Наманганда осон бўлмаган баҳс кутмоқда. Бироқ “Навбаҳор”ни ҳам оғир учрашув қарши олади. Ҳозирча имкониятлар бир хил.
15 сентябрь
19:30. “Андижон” – “Локомотив”
“Бобур арена”да бу сафар “Локомотив” меҳмон бўлади. “Андижон” охирги ўйинида Ўзбекистон Кубоги ярим финалида “Сурхон”ни пенальтилар серияси орқали енгиб финалга йўл олди. Энди барча эътибор чемпионатга қаратилган. Билсангиз керак, “Бургутлар” иккинчи даврани кутилмаганда кетма-кет 4 та мағлубият билан бошлаб, турнир жадвалида 10-ўринга тушиб кетиб қолди. Шунинг учун “Бургутлар”ни бу беллашувда ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди. Ҳар қандай клубга “Андижон” майдонида тўп суриш қўшимча қийинчилик туғдиргани каби “Локомотив” ҳам бундан мустасно эмас.
19:30. “Динамо” – “Бунёдкор”
Вадим Абрамов собиқ жамоасига қарши. “Динамо” - “Бунёдкор” учрашувида самарқандликларнинг имконияти юқори баҳоланяпти. Лекин Илёс Зейтуллаев бошқараётган “Бунёдкор”га ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Жамоа хавфли зонадан қутулиши учун ҳам Самарқанддан ижобий натижа билан қайтиши шарт. Лекин бунинг учун “Динамо”нинг қаршилигини енгиши керак. Бу эса оғир вазифа.
16 сентябрь
17:00. “Олимпик” – “Металлург”
Бу ўйин “Жар” стадионидан “Дўстлик”даги стадионга кўчирилди. “Металлург” мавсум бошидан бери Суперлигада ғалаба нималигини билмай келяпти. Иккинчи даврада ҳар бир ўйин улар учун финалдек ўтяпти. Бироқ ҳамон ғалабасиз серияси давом этяпти. “Олимпик” билан ўйин ҳам бекободликлар учун яна бир имконият. Рақибида босим мутлақо йўқ. Улар истаган ўйинини кўрсатиши мумкин. “Металлург” эса ютмаса бўлмайдиган вазиятда. Яна очко йўқотадиган бўлса, раҳбарият ҳам, мухлислар ҳам кечирмаса керак. Йўқотилаётган ҳар бир очко эса “Металлург”ни охирги ўриндаги ҳолатини “мустаҳкамлаб” бораверади.
19:30. ОКМК – “Сурхон”
Миржалол Қосимов жамоаси бу сафар “Сурхон”га қарши ўйнайди ва ушбу учрашув билан 18-тур якунига етади. ОКМК ҳозиргача чемпионатда энг кўп гол урган жамоа бўлиб турибди – 30 та. Олмалиқда ҳам қизиқарли учрашувга гувоҳ бўлишимиз аниқ. “Сурхон” ҳар қандай рақибига катта муаммолар туғдиришга қодир. ОКМКнинг ишлари яхши ва “Насаф”дан кейин 2-ўринни банд этиб турибди. Ҳеч ким осонгина очколарни бой бермайди. Шундай экан, жиддий қарама-қаршиликни кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар
Metallurg ham qolib ketmasin