Бугун "Рома" ўйнайди. Шомуродовни Гамшик ва Жервиньо каби юлдузларга қарши расмий дебют кутмоқда!
Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Рома” мавсумдаги илк расмий учрашувини ўтказади. Рим клуби УЕФА Конференциялар лигаси плей-офф босқичининг дастлабки ўйинида Туркиянинг “Трабзонспор” майдонида мезбонлар билан куч синашади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Конференциялар лигаси УЕФА томонидан ташкил этилаётган Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасидан кейинги учинчи турнирдир. Бу мусобақа “кўҳна қитъа”нинг аксарият жамоалари Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан четда қолаётгани боис, имкон қадар кўпроқ клубларни халқаро ўйинларга жалб этиш мақсадида йўлга қўйилди.
Асосан миллий чемпионатларда юқори ўринларни эгаллаган ва мамлакат кубогини қўлга киритган клублар қатнашаётган мусобақага Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан чиқиб кетган иштирокчиларнинг ҳам босқичма-босқич қўшилиб бориши ушбу турнирнинг аҳамияти ва нуфузини оширмоқда.
Конференциялар лигаси ғолибига келаси мавсумда Европа лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Бу йилги турнирда Италияни шарафини ҳимоя қилиш ўтган мавсумда А Серияда еттинчи поғонани эгаллаган “Рома” клубига топширилди. Римликлар халқаро мусобақага плей-офф босқичидан қўшилди ва “Трабзонспор”га қарши икки ўйин ўтказади.
Мутахассислар Туркиядаги ўйинда Моуриньо шогирдлари қийин ўйин кутаётганини таъкидламоқда. Трабзонликлар анча кучли ҳисобланган миллий чемпионатда кетмакет 19 та учрашувдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Бундан ташқари, “Трабзонспор” ўз майдонидаги охирига 13 та учрашувдан 12 тасида рақиб дарвозасини ишқол қилишни уддалади.
“Трабзонспорт” Туркиянинг янги чемпионатини муваффақиятли бошлаб, биринчи расмий учрашувида “Йени Малатьяспор”ни сафарда 5:1 ҳисобида енгди. Ўз даврида, Европанинг етакчи клубларида ўйнаган Марек Гамшик ҳамда Жервиньо жамоанинг энг ёрқин юлдузлари ҳисобланади.
Словакиялик ҳужумкор футболчи Гамшик А Серияда узоқ йиллар давомида “Брешиа” ва “Наполи” шарафини ҳимоя қилган ва юздан ортиқ гол муаллифи бўлган.
Кот-д’Ивуар терма жамоаси аъзоси Жервиньони ҳам ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш. У фаолияти давомида Бельгия, Франция, Англия, Италия ва Хитой чемпионатларида кучли жамоалар шарафини ҳимоя қилди. А Серияда “Рома” ва “Парма”да тўп тепди. Хусусан, африкалик ҳужумчи “Рома”да уч мавсум ўйнаб, 71 та учрашувда 17 та тўп киритишга муваффақ бўлди.
“Рома” Жозе Моуриньо бошқарувига ўтганидан кейин жамоа ўйинида кескин ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Португалиялик мутахассис аввалги жамоаларидагидан фарқли равишда, бу гал шогирдларини ўз ўйин услубига мослаштирмасликни маъқул топди ва “Рома” ҳужумкор футбол намойиш қилиб, мухлисларни хушнуд этишини таъкидламоқда.
Римликлар ёзги трансферларда жуда фаол ишлади. Жамоа ҳужумига “Женоа”дан Элдор Шомуродов ва “Челси”дан Тэмми Абрахам олиб келинди. Шунингдек, тажрибали дарвозабон Руй Патрисиу, ҳимоячилар Рожер Ибаньес, Брайан Рейнольдс, Матиас Вина ҳам “бўрилар” сафига қўшилди.
Трабзондаги учрашувда ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов ўйнаши кутилмоқда. Агар Жозе уни майдонга туширса, бу беллашув ўзбек футболчисининг расмий дебюти бўлади.
Шомуродов Рим клубига ўтганидан кейин жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлишга даъвогар эканини кўрсатди. Ҳамюртимиз “Бетис” ва “Ража Касабланка”га қарши ўтказилган учрашувларда бевосита тўртта голда қатнашди. Шулардан иккитасида ўзи тўп киритди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Жозе Моуриньо қўл остида янгиланган “Рома” қандай ўйин кўрсатиши кўплаб мухлису мутахассисларнинг диққат марказида турибди. Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эса, Шомуродов учун ҳам “бўрилар”га мухлислик қилади.
Ҳаммамиз кутаётган ушбу учрашув 19 август куни Тошкент вақти билан 22:30 да бошланади.
Фикрлар