Бугун Шомуродов трансфери бўйича муҳим учрашув. Белотти эса хавотирда!
“Рома” Жозе Моуриньога керак бўлмай қолган Элдор Шомуродов масаласини ҳал қилиши учун тобора кам вақт қолмоқда. Легионеримиз катта эҳтимол билан А Серияда қолади, шунинг учун ҳам, Англия, Германия, Туркия, Франция, Саудия Арабистони каби мамлакатлар вакилларидан бўлган чорловлар ҳеч қандай аҳамият касб этмади.
Ўзбек футболчисига ҳақиқатан жиддий қизиқиш билдираётган ягона жамоа “Болонья” ҳисобланади. Синиша Михайлович жамоаси бир неча уриниши муваффақиятсиз якунланганига қарамай, ҳамон Шомуродовни олишдан умидвор.
“Болонья” ўзбек футболчисини бир мавсум ижарага олиб, кейин уни 10-11 миллион еврога тўлиқ трансфер ҳуқуқини сўраяпти. Римликлар трансфер ҳуқуқи ўрнига ўйинчини олиш мажбуриятини юкламоқчи. Қолаверса, пойтахтликлар бир йил муқаддам 18 миллион еврога харид қилинган ҳужумчини 13-14 миллион еврога баҳоламоқда.
Томонларнинг сўнгги учрашуви мана шу нуқтада тўхтаган эди. Европада миллий чемпионатлар бошланди ва ёзги трансферлар вақти охирлаб қолгани боис, Элдорнинг харидорлари сафи ҳам анча чекланиб қолди.
Италия футболини ёритувчи бир неча манбалар, хусусан, https://www.calciomercato.com сайтининг маълум қилишича, бугун 16 август куни “Болонья” ва “Рома” Шомуродов трансфери бўйича ҳал қилувчи учрашувни ўтказади.
Шомуродов масаласини ҳал бўлишини Италия терма жамоаси ҳужумчиси Андреа Белотти ҳам диққат билан кузатиб бормоқда. 29 ёшли тўпурар римликлар билан шахсий шартнома бўйича келишиб бўлган лекин Элдор Римни тарк этмагунича Андреа пойтахт клубига кела олмайди. Молиявий фэйр-плей шуни тақозо этмоқда.
Андреа Белотти илк бор А Серия стартини бесабаб ўтказиб юбор. Шундан сўнг унинг хавотири янада ортди. Жамоасиз қолиб кетишидан хавотирга тушган Белотти “Рома” раҳбариятига шарт қўйди. Унга кўра, римликлар Шомуродов трансферини шу ҳафта ичи ҳал қилмаса, италиялик ҳужумчи ўзига “Галатасарой” ва “Ницца”дан бўлаётган таклифлардан бирини қабул қилишига тўғри келишини уқтирмоқда.
Қизиғи шундаки, ҳужумчи қидираётган бу икки жамоа Элдор Шомуродовга хам оғиз солгани ҳақида хабарлар чиққан эди.
Демак, “Рома”нинг учун трансферлар бозори ҳали ёпилгани йўқ. Жозе Моуриньо ўзи кўзлаган Миле Свилар, Меҳмет Зеки Челик, Неманья Матич, Жоржиньо Вейналдум ва Пауло Дибалани қўлга киритиб бўлди. Фақат Белотти қолди.
Шу боис, спорт директори Тьягу Пинто олдида турган асосий масала Шомуродовни жамоага мақбул нархда бошқа жамоага ўтказиб, унинг ўрнига Белотти трансферини расмийлаштириш бўлиб турибди.
Шомуродов “Рома” таркибида жами 40 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига бешта гол ва олтита ассист расмийлаштирган. Ҳамюртимиз жамоа билан бирга Конференциялар лигасида ғолиб чиқиб, биринчи совринига эга бўлди.
Вазиятни кузатишда давом этамиз!
Фикрлар