"Бундан мутлақо хабарим йўқ эди, ҳозир жадвалга кўп ҳам қарамаслик керак". "Сўғдиёна"нинг қаҳрамони ҳақида
“Сўғдиёна” жамоаси кутилганидек бу йил ҳам асосий фаворитлардан бири сифатида тилга олиняпти ва ҳозирча тахминларни оқлаб турибди. Нега деганда, турнир жадвалига қарасангиз, айнан жиззахликларни пешқадам бўлиб турганини кўрасиз. Гарчи Бақоев жамоаси кетма-кет иккита учрашувда мағлубиятга учраганига қарамасдан “Сурхон” билан беллашувда 4:2 ҳисобидаги ғалаба туфайли 1-ўринга чиқиб олди.
Ўша термизликларга қарши баҳсда “Сўғдиёна” футболчилари майдонда мардонавор тўп суришди. Айниқса, захирадан майдонга тушган иқтидор эгаси – Жавоҳир Қаҳрамонов ўз ҳисобига иккита гол ёзиб қўйган ҳолда жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Ўйиндан кейин ЎзПФЛ матбуот хизмати томонидан Қаҳрамонов бўйича қизиқ факт эълон қилинди. Унга кўра, ушбу футболчи охирги марта 2021 йилнинг 18 май санасида “Қўқон-1912” жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувда иккита гол урган. Буни қарангки, орадан роппа-роса бир йил ўтиб, 2022 йилнинг 18 май куни Қаҳрамонов “Сурхон”га қарши ўйинда ҳам ўз дублини расмийлаштириб қўйди. “Сўғдиёна” эса навбатдаги учрашувини айнан қўқонликларга қарши ўтказади.
Бир неча йилдан бери жиззахликлар шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ярим ҳимоячи Sports.uz учун бир қатор масалаларда ўз фикрини билдирди.
“Сурхон” билан ўйин тўғрисида
- Икки мағлубиятдан кейин “Сурхон” билан учрашувда ғалаба қозонишимиз зарур эди. Чунки мағлубиятлар сабабли руҳий томондан бироз қийин бўлиб бораётганди. Шунинг учун бу сафар ютмасак бўлмасди. Бизга ҳам уч очко керак эди. Албатта, “Сурхон” ҳам яхши жамоа. Бу клуб иштирокидаги ўйинларни яхши ўрганиб чиқдик, деб ўйлайман. Омадимиз ҳам келди ва рақиб устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик.
Қизиқ факт ҳақида
- Тўғриси, бу ҳақида билмагандим. Кейинроқ менга хабар келди. 2021 йилнинг 18 май куни ҳам иккита гол урганимни айтишди. Ўша маълумотни кўргач, ёқимли маънода ҳайрон қолдим. Яширмайман, хурсанд бўлдим. Рости, бундан мутлақо хабарим йўқ эди.
“Қўқон-1912” билан беллашувда ҳам дублни расмийлаштирмоқчими?
- Навбатдаги учрашувимиз “Қўқон-1912” га қарши кечади. Ҳамма ҳам ўйиндан олдин гол урамиз, ютамиз деб яхши ният қилади. Ҳаммаси Худодан. Биз меҳнат қилишда давом этамиз. Пешонамизга ёзилган бўлса, яна гол ураман. Ким ҳам дублга эришишни хоҳламайди?! Ҳамма истайди. Гол урмасам ҳам биз ғалаба қозонсак, шу менга етарли.
“Сўғдиёна” жадвалда 1-ўриндалиги ҳақида
- Ҳозир турнир жадвалига қарасам, табиийки хурсанд бўламан. Биринчи ўринда турибмиз, бу жуда ёқимли. Лекин жадвалга кўп ҳам қарайвермаслик керак. Чунки ҳали мавсум олдинда. Ким қаерда бўлишини кузда биламиз. Лекин, барибир жамоамизни пешқадам сифатида кўриб турганимдан жуда мамнунман.
ОФК Кубогига тайёргарлик
- Чемпионатимиз доирасида учта ўйин ўйнаганимиздан кейин 22 июнда Тожикистонга жўнаб кетамиз. Айни пайтда эса Суперлигамиздаги ўйинлар ҳақида ўйлаяпмиз. Аввал, “Қўқон-1912”га қарши, кейин, 28 май куни “Пахтакор” билан жуда муҳим учрашувимиз бор. Мана шундай қийин ўйинларни муваффақиятли ўтказиб олганимиздан сўнг, Тожикистонда ўтадиган гуруҳ баҳсларига тайёргарлигимизни бошлаймиз. Лекин ҳозир ОФК Кубогидаги иштирокимиз хусусида ўйлаётганимиз йўқ. Айтганимдек, эътиборимизни чемпионатдаги муҳим беллашувларга қаратганмиз. Биз ОФК Кубогида Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Шу орқали Жиззах футболини ҳам янада кўтармоқчимиз.
Бақоевга таъриф
- Ҳар бир мураббийни ўзига яраша кучли тарафлари бўлади. Улуғбек Бақоев билан анчадан бери ишлаяпман. Шуни бемалол айта оламанки, “Сўғдиёна” устози менда ҳамма вақт яхши таассурот қолдиряпти. Бугун ютсак, эртасидан кейинги ўйинга тайёрланишни бошлаймиз ва ўша ўйин тарихга айланади. Мураббий доим ҳаракат қиламиз, бўшашмаймиз, бу ўйинни унутинглар, кейингисига тайёрланамиз, деб бизни руҳлантириб туради. У мен учун яхши мураббий.
Фикрлар