Бундай ҳимоячи про лига тугул, ҳатто Суперлигада ҳам йўқ! Йил футболчиси бўлишга номзод ҳақида нималарни биласиз?
26 ноябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда профессионал футбол лигаси ҳамкорлигида “Энг зўр-2022” тақдирлаш маросими ўтказилади. Шу куни Ўзбекистон футболидаги йилнинг энг яхшилари жамоатчилик гувоҳлигида аниқлаб олинади.
Биз учун аҳамиятли томони шундаки, про лигада йил футболчиси бўлиш учун 4 та номзод илгари сурилган ва уларнинг орасида “Андижон” жамоаси сардори Илдар Маматказин ҳам бор. Қолган 3 та футболчилар – Рўзим Аҳмедов (“Бухоро”), Роки Марчиано (“Хоразм”) ва Ҳумоюн Муртазоев (“Турон”). Қизиғи, Маматказиндан ташқари учаласи ҳужумчи бўлиб, уларнинг урган голлари эвазига энг яхшилар қаторига киритилганлиги табиий ҳол. Биргина Маматказин ҳимоячи бўлишига қарамай (айнан шунга аҳамият қаратинглар!), йилнинг энг яхшилари қаторида номзоди кўрсатилган. Бу албатта муҳим ва бунга тўла муносиб ҳам. Биз буни қуйида фактлари билан келтириб ўтамиз.
Номзодлар эълон қилинганида ким нечта гол ургани ва бу йил про лигада нимага эришгани ҳақида ёзилган. Ҳужумчи бўлганидан кейин ўз-ўзидан уларнинг иши гол уриш, шундайми? Одатда ҳимоячиларнинг майдондаги ишлари унчалик ҳам кўзга ташланавермайди. Бироқ бизнинг қаҳрамонимиз ҳаммани ўзига қарата олди. Унинг асосий вазифаси биринчи навбатда мудофаа чизиғини мустаҳкамлаш, рақибларига гол уриш имкониятини бермаслик, рақиб ҳужумларини зарарсизлантириш. У мана шундай ишларни қойилмақом бажариб, яна қўшимчасига рақиб жарима майдони ичида энг хавфли ўйинчилардан бирига айлана олди. Буни урган 7 та голи билан тасдиқлаб турибди. Тасаввур қилинг, марказий ҳимоячи чемпионатда кўплаб ҳужумчилар қила олмаган ишни уддалади.
Шак-шубҳасиз, Илдар “Андижон”нинг Суперлигага қайтишида ўйини ва голлари билан улкан ҳисса қўшди ва том маънода “Андижон”нинг етакчисига айланди. Бундай ҳимоячи про лига тугул, ҳатто Суперлигада ҳам йўқ! Статистикада ҳам шуни кўрсатиб турибдики, элитада ҳам бирор-бир ҳимоячи Маматказин қилган ишни бажара олмаган. У чиндан ҳам ноёб топилмага айланди. Яъни, 34 ёшида мана шундай юқори даражада тўп сургани унинг ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ўзига билдирилган вазифани максимал даражада уддалай олишини кўрсатиб турибди. Ҳолбуки, бу ёшда ва бўлиб ҳам ҳимояда яна ким юқори даражада ўйнаб, жамоасига фойда келтира олади? Маматказин ушбу мавсумда ҳар томонлама ўзини кўрсатган ягона ҳимоячига айланди!
Марказий ҳимоячининг бу мавсумда урган голларига эътибор қаратинг:
6-тур. “Турон” – “Андижон” – 1:2. Маматказин, 90+5
12-тур. “Андижон” – Хоразм” – 2:1. Маматказин, 50.
17-тур. “Андижон” – “Шўртан” – 2:1. Маматказин, 39.
18-тур. “Бухоро” – “Андижон” – 1:2. Маматказин, 30.
22-тур. “Хоразм” – “Андижон” – 0:1. Маматказин, 45.
23-тур. “Андижон” – “Турон” – 1:1. Маматказин, 71
27-тур. “Андижон” – “Хоразм” – 3:1. Маматказин, 69.
Илдар томонидан урилган голлар “Андижон”га қанчалик фойда келтирганини кўриб турибсиз ва “Бургутлар” рақибларидан очколарни тортиб олган. Айниқса, қийин палларда футболчи голлари билан жамоасининг жонига аро кирган ҳамда ўта муҳим, ўта қимматли очколар қўлга киритилишида катта ҳиссасини қўшди. Юқоридаги жадвалда гувоҳи бўлганингиздек, ҳимоячи томонидан киритилган голлар асосан “Андижон”нинг ғалабаси учун хизмат қилган. “Бобур Арена”да “Турон”га қарши беллашувда бўлса, Илдар ўз голи билан жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган. Қолаверса, ҳимоячи голларини пенальтидан эмас, балки барчасини айнан ўйин давомидаги ўзининг фаоллиги орқали киритган. У сардор сифатида бош мураббийнинг майдондаги чинакам ёрдамчисига айлана олди. Айниқса, “Андижон”нинг октябрь ойидаёқ муддатидан илгари про лигада 1-ўринни нақд қилиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритгани бежиз эмас.
Яна бир гап: ҳимоячи голлар уришдан ташқари жамоадошларига голли паслар узатишни ҳам унутиб қўймаган. Жумладан, Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида “Сўғдиёна” ва “Янгиер”га қарши учрашувларда Маматказин 3 марта ассист вазифасини амалга оширган. Қолаверса, чемпионат доирасида “Зомин” ҳамда “Турон”га қарши баҳсларда ҳам жамоа сардори ўз ҳисобига биттадан ассист ёзиб қўйган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Илдар Маматказин клуб матбуот хизмати томонидан ўтказиб келинган ойнинг энг яхши футболчиси номинациясида икки марта – апрель ва октябрь ойларида тенгсиз деб топилди. Чемпионат якунида эса 4500 мухлис қатнашган сўровномада энг кўп овоз тўплаган Маматказин “Андижон”нинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси деб эътироф этилди. Бунинг натижасида вилоят ҳокими унга рағбат сифатида шаҳардан ўзига манзур келадиган квартирани танлаб олиш имкониятини тақдим этди.
Бир сўз билан айтганда, у барчасига ўз меҳнати орқали эришяпти. Тан олиш керак, ҳозир футболимизда бунга ўхшаган “бетон” ва голлар уришни қойиллатадиган ҳимоячини топиш амримаҳол. Хуллас 26 ноябрь куни энг яхшиларни тақдирлаш маросимида про лиганинг ҳам энг яхши футболчиси аниқланади. Шундай экан, юқорида келтириб ўтилган фактлар ҳам энг яхши ўйинчи аниқланишида инобатга олиниши даркор. Ана энди ўзингиз хулоса қилаверинг...
Фикрлар