"Бунёдкор" бундан буён "Driver‘s Village" билан яқиндан ҳамкорлик қилади

Ўз олдига доимо юксак мақсадларни қўядиган «Бунёдкор» яна бир тарихни яратди.

Хабарингиз бор, "қалдирғочлар" ушбу мавсумни «Driver‘s Village» рамзи туширилган либосларда ўтказмоқда. Нафақат Ўзбекистонда, балки минтақамизда ҳам «GM Uzbekistan» автомобилларини сотиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича энг етакчи автомарказлардан бири бўлган ушбу компания энди «Бунёдкор» футбол клубининг бизнес ҳамкори ҳисобланади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. Хабарда айтилишича кеча «Driver‘s Village» ҳамда «Бунёдкор» ФК расмийларининг келишув шартномасини имзолаш бўйича ўзаро учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда «Бунёдкор» футбол клуби директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Мирзаев, директор ўринбосари Аброр Имомхўжаев, бош мураббий Вадим Абрамов ҳамда молиявий ва маркетинг бўлимлари расмийлари шунингдек, «Driver‘s Village» компанияси Бош директори биринчи ўринбосари Равшан Юнусов, ҳисобчи Жаҳонгир Қурбонов иштирок этди.

Учрашувда ҳамкорлик бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар, ғоялар ва режалар муҳокама қилинди. Қолаверса, ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш, узоқ йиллик режалар ишлаб чиқиб, буни амалга татбиқ қилиш келишиб олинди.

«Driver‘s Village» компанияси бош ҳисобчиси Жаҳонгир Қурбонов ҳамкорлик бўйича фикр билдирар экан, бунинг фойдали томонларини чиройли тарзда изоҳлади: «Эркак киши борки, футболга қизиқади. Футболга қизиқмагани камида автомашиналарнинг шайдоси бўлади. Ё автомобили бор ёки сотиб олишни режалаштирган. Нима демоқчиман? «Бунёдкор»нинг ўйинларини томоша қиладиган ишқибоз «Driver‘s Village»ни танийди, «Driver‘s Village»ни билган инсон албатта «Бунёдкор»ни ҳам билади. Хуллас, бу ҳамкорлик бир-бирига жуда боғлиқ, керак ва албатта фойдалидир!»

«Бунёдкор» футбол клуби директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Мирзаев «Driver‘s Village» билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик борасида қуйидаги фикрларни илгари сурди: «Driver‘s Village» нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда ҳам етакчи автомарказлардан бири саналади. Бу ҳамкорлик бизга нима беради? Биринчи рақамли автомарказ билан ҳамкорлик қилиш орқали жамоанинг ички муҳитига ҳам биринчилик кайфиятини олиб кирмоқчимиз. Яна биринчи рақамли бўлиш орқали «Driver‘s Village» брендини нафақат Ўзбекистонда, халқаро майдонда ҳам реклама қилмоқчимиз! Шу тариқа иккала биринчи рақамли ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги узоқ муддат давом этишини ният қилганмиз».

Йиғилиш якунида «Бунёдкор» футбол клуби номидан «Driver‘s Village» компаниясига 7-рақамли рамзий либос ва бошқа эсталик совғалари топширилди. Ўз навбатида «Driver‘s Village» компанияси ҳам «Бунёдкор» музейи учун чиройли совға тақдим этди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!