"Бунёдкор" Ривалдо билан ҳисоб-китоб қилинмагунича янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди
Ривалдо билан ҳисоб-китоб қилинмагунича "Бунёдкор" янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди. Бу ҳақда ФИФА 23 июн куни қарор қабул қилган. Ассоциация 2 июль куни мазкур тақиқ ҳақида Лигани расман огоҳлантирди.
Аввалроқ "Бунёдкор" бразилиялик собиқ футболчиси олдида юзага келган қарздорликни расман тан олган бўлиб, кейинчалик уни беш йил давомида босқичма-босқич тўлаб бориш юзасидан Ривалдо билан келишувга эришганди.
2024 ва 2025 йилги мавсумлар давомида клуб беш йиллик келишув доирасидаги мажбуриятларини бажарди. Бироқ 2026 йилга келиб, клуб таъсисчиси ва бош ҳомийси ҳисобланган Ўзбекнефтгаз АЖ Бунёдкор футбол клубини молиялаштиришни тўхтатгач, клуб жорий йилнинг май ойига қадар амалга оширилиши керак бўлган қарздорликнинг навбатдаги тўловини бажара олмади.
Шундан сўнг Ривалдо ФИФАга қайта шикоят киритди. Қўшимчасига, "Бунёдкор" билан тузилган беш йиллик келишув шартлари ва унда назарда тутилган чегирмалар ҳам бекор қилинди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси 10 августга қадар давом этади. Эндиликда "Бунёдкор" янги футболчиларни Лига рўйхатидан ўтказа олмайди. Клуб мавжуд футболчилар билан мавсумни якунлаши, шунингдек, тақиқ кучга киргунига қадар "Бунёдкор" академияси тарбияланувчиси сифатида ФИФА рўйхатида мавжуд бўлган ёш футболчиларнигина кейинчалик ўз қайдномасига қўшиши мумкин бўлади.
Жорий йилнинг 23-июн санасидан кейин Бунёдкор футбол академиясига қабул қилинган ёш футболчилар ҳам мазкур тақиқ доирасида клуб учун рўйхатдан ўта олмайди.

Фикрлар