“Бунёдкор” Спорт арбитраж судида ютқазди. Клуб Жавлон Иброҳимов олдида қарздор

2020 йилнинг 3 декабрь куни футболчи Жавлон Иброҳимов ЎФA Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасига “Бунёдкор” футбол клуби билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича арз киритганди. Унда клуб футболчи олдидаги молиявий мажбуриятини тўлиқ бажармагани даъво қилинган.

Ишни ўрганиб чиққан қўмита якунда клуб футболчи олдидаги қарзини тўлаб бериши лозимлиги юзасидан қарор чиқарди. Бироқ “Бунёдкор” футбол клуби ушбу қарордан норози бўлиб, ЎФA Aпелляция қўмитасига шикоят киритганди. 2021 йилнинг 25 май куни Aпелляция қўмитаси ҳам футболчини ҳақ деб ҳисоблаб, қарорни ўзи кучида қолдирди.

Ҳар икки ишни бой берган “Бунёдкор” футбол клуби 2021 йилнинг 14 июнь санасида Халқаро спорт арбитраж судига мурожаат қилди. Жорий йилнинг 25 апрель куни ишни узоқ муддат давомида кўриб чиққан Халқаро спорт арбитраж суди ЎФA Aпелляция қўмитасининг 2021 йил 25 майдаги қарорини ўз кучида қолдириш юзасидан қарор чиқарди.

Эндиликда “Бунёдкор” собиқ футболчиси Жавлон Иброҳимов олдидаги қарзларини тўлаб бериши керак бўлади. Қўшимчасига, “Бунёдкор” узоқ давом этган жараён учун суд ҳаражатларини ҳам тўлиқ қоплаши талаб этилади. Қайд этиш керак, суд ҳаражатлари Жавлон Иброҳимов аввалбошидан тўланиши лозим бўлган суммадан кам ҳисобланмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!