“Бунёдкор”да ярим йил ўйнаган футболчи янги клубидан ҳам ҳайдалди
Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси Павел Могилевец ўтган йили 31 июль куни “Бунёдкор” билан шартнома тузиб, 2023 йилнинг 1 январида жамоа билан хайрлашганди.
Ярим мавсум майдондан ташқарида юрган футболчи шу йилнинг июлида Арманистон чемпионати вакили “Урарту” сафига қўшилди.
Келишув бир йилга тузилган бўлса-да, арманистонликлар 30 ёшли футболчи билан тўрт ойдаёқ хайрлашишга қарор қилди ва шартнома бекор қилинди.
— Футболдаги ҳаётимда мени ўйлантириб қўядишан яна бир ўзгариш рўй берди. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийликни унутмаслик керак.
“Урарту” жамоаси сафига қўшилганимдан жуда хурсанд бўлгандим. Жамоага ёрдам бериш учун қўлимдан келганини қилдим. Охир-оқибат шундай бўлиб чиқдики, мен билан шартномани бекор қилишди. Ёқимсиз ҳолат. Лекин даҳшатга тушганим йўқ, оилам ҳар доимгидек ёнимда ва мени қўллаб-қувватлаяпти.
Хафа қиладиган жиҳати шуки, айни пайтда бирор бир жамоа сафига қўшилиб, машғулот ҳам қилолмайман, футбол ҳам ўйнай олмайман. Чунки трансфер ойнаси қишда очилади. Хаёлимга келаётган фикрлар орасида футболни йиғиштириш ҳам бор. Лекин бу тезда ўтиб кетишига умид қиламан, - деди Павел Могилевец.
Тажрибали ярим ҳимоячи фаолияти давомида “Зенит”, “Рубин”, “Ростов”, “Химки”, “Нижний Новгород” каби жамоаларда ҳам тўп тепган.
Фикрлар