"Бунёдкор"ни асраш керак! Бугунги концертдан сўнг қадрдон ўйингоҳга жиддий зарар етган

CHERY AUTO

Жаҳонга машҳур қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопес 7 август куни Ўзбекистонда илк бор концерт берди. Концерт "Бунёдкор" стадиони саҳнасида унинг "Up All Night — Live in 2025" жаҳон турнеси доирасида бўлиб ўтди.

Tecno

Мазкур концерт Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди. Ташриф буюрганларнинг таъкидига кўра, концерт ажойиб атмосферада ва анча муваффақиятли ўтган. Бироқ бизни, яъни футболга яқин томонни бошқа савол қизиқтиряпти. "Бунёдкор" стадионининг чими айни вақтда қандай аҳволда? 

Биласиз, стадион чими кўпчиликка оддий майса каби туюлса-да, бироқ бунинг ортида катта меҳнат, айниқса, катта ҳаражат ётади. Шоу бизнес юлдузлари эса дунёнинг машҳур стадионларида концерт бериши эса одатий ҳол. Бироқ бизнинг стадионлар бу каби катта массштабли концертларни ўзида қабул қилиб ўрганмаган. 

Мисол учун, жаҳонга машҳур "Уембли" стадионида ҳам бу каби шоулар тез-тез ўтказиб турилади. Бироқ эътибор беринг, "Уембли"да чимлар ҳар йили кўп маротаба алмаштирилади. Жумладан, концертлардан сўнг ҳам рулонли чимлар олиб ташланади ва янгилари қўйилади. Бизнинг стадионларда ҳам бу каби амалиётларни ўтказиш мумкин, аммо табиийки бюджет анча кичкина. 

Бироз олдин мутахассис билан бу борада фикр алмашдим. Унинг таъкидлашича, майдоннинг ҳолати айни вақтда жуда ёмон. Концерт учун ўрнатилган конструкция, яъни Женнифер Лопес учун тайёрланган махсус саҳна стадионнинг ўша қисмини чўктирган. Бундан ташқари, стадиондаги полив (суғориш) ҳамда дренаж (ёмғир суви ва ортиқча сувларни чиқариб юбориш) системасига жиддий зарар етказилган. 

Яқин кунларда "Бунёдкор" стадионида чимни янгилаш жараёни бошланади. Бироқ тўлиқ эмас. Мутахассиснинг фикрига кўра, чимни тўлиқ янгилаган маъқул. Сабаби, айнан шикастланган қисмигина янгиланса, чимнинг ранги икки хил (майдоннинг маълум қисмида бошқача, қолган қисмида эса бошқача) бўлиб қолиш эҳтимоли юқори. 

Ўзи "Бунёдкор" стадиони сўнгги вақтларда жуда кўп учрашувларни ўзида қабул қилмоқда. Бу ерда "Бунёдкор" клуби, Миллий терма жамоамиз, айрим катта ўртоқлик ўйинларида Олимпия терма жамоамиз ҳаракат қилади. Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган Аёллар ўртасида Осиё кубогига саралаш баҳсларини ҳам айнан "Бунёдкор" стадиони ўзида қабул қилди. Бу стадион шароитлари нуқтаи-назаридан бошқаларидан фарқли ва мамлакат футболининг кўрки. Шундай экан, у кўпроқ учрашувларни ўзида қабул қилиши табиий ҳол. 

Шундай бўлса-да, "Бунёдкор"ни асраш керак. Ўзи бу стадион чими яқиндагина муаммолардан фориғ бўлди. Бу ерда жаҳоннинг машҳур юлдузлари концерт беришига ҳам қарши эмасмиз. Шунчаки, тайёргарлик ва концертдан кейинги амаллар шунга монанд бўлиши керак. Зеро, концертлар ортидан футбол жабр кўрмасин. Ахир, бу ўйингоҳ қурилишидан бош мақсад ҳам айнан футбол.





 

Карим Худайқулов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!