"Бунёдкор"нинг Суперлигадалигини кўпчилик унутиб қўйди, Болтабоевнинг айтган гапи ноўрин эканлигини исботладик" - Умарали Раҳмоналиев
Ёш “Бунёдкор” чемпионлик учун фаворитлардан бири “Навбаҳор”га қарши ажойиб ўйин намойиш этди.
Ростини айтганда, учрашувдан аввал кўпчилик Самвел Бабаян жамоасининг ғалабасини кутганди. Бироқ “Қалдирғочлар” бунга йўл қўймади. Иван Бошкович бошчилигидаги “Бунёдкор” ва унинг истеъдодли футболчилари кучли рақибга сюрприз тақдим этди, дейишимиз ҳам мумкин.
Учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Умарали Раҳмоналиев майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди. Ўйиндан кейин футболчи Sports.uz сайти учун фикрлари билан ўртоқлашди.
- Умарали, “Бунёдкор”ни қўлга киритган муҳим ғалабаси билан табриклайман. Айтинг-чи, кучли рақиб устидан қозонилган муваффақиятнинг асосий сабаби нимада?
- Учрашувга келадиган бўлсак, бугун кучли ўйин бўлиши ва финалга тенг даражада ўтиши кутилаётганди. “Бунёдкор” яна қайтиши керак бўлган вазият эди. Шунинг учун ўзимиздаги бор куч ва матонатни йиғиб, ишга солдик. Боримизни ўйинга ташладик. “Навбаҳор”га қарши ғалабамизга асосан бирдамлигимиз ҳамда бор кучимизни берганимиз асосий сабаб бўлди. Бутун жамоа билан ҳаракат қилдик.
- Нима деб ўйлайсиз, бу ғалабани сенсацияга қиёслаш мумкинми?
- Ҳозирги турнир жадвалига қарасак, балки шундай ҳисобласак бўлади. Лекин “Бунёдкор”ни Суперлигадалигини кўпчилик унутиб қўйди. Бизни эсдан чиқармаслик керак. “Бунёдкор” ҳали ҳам ўз даражасида эканини кўрсатиш учун майдонга тушдик.
- Иван Бошкович бош мураббийликка келгач, жамоада ижобий натижалар кўзга ташланяпти. У жамоада аввало нимани ўзгартирди?
- Бу ҳақида биз гапирсак ноўрин бўлади. Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша услуби бор. Шу сабабли мураббийлар ҳақида гапиришимиз тўғри эмас, деб ҳисоблайман. Асосий ишимиз майдонда.
- Бугунги учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлдингиз. Буни кутганмисиз?
- Албатта, “Навбаҳор”га қарши ўзгача тайёргарлик билан тушгандик. Анчадан бери мухлислар ҳам Раҳмоналиев Россияга кетди, деган гапларни тарқатишганди. Аммо мен жамоада эканлигимни исботлашим керак эди. Ўзимни кўрсатиш ва жамоамга фойда келтириш иштиёқида майдонга тушгандим. Жамшид Болтабоев “Бизнинг футбол” дастурида берган интервьюсида 7 та ўйин қолган бўлса, биз қийналишимиз мумкин бўлган иккита жамоа бор: АГМК билан “Олимпик”, қолган жамоаларни ютишимиз шарт деган. Биз жамоамиз билан бирга унинг ўша гапларини бутун ўйин давомида хаёлимиздан ўтказиб ўйнадик. Унинг гапирган гапи ноўрин эканлигини исботлай олдик. Айтмоқчиманки, “Бунёдкор” ҳали ҳам Суперлигада ва ўз даражасини йўқотмаган.
- Ўйин охирида жарима майдони ичида йиқилдингиз, аммо ҳакам пенальти бермади. У тўғри қилдими?
- Буни кўриб чиқиш керак. Лекин ўйлашим бўйича 100 фоиз пенальти бор эди.
- “Навбаҳор” сиз кутгандек ўйнадими?
- “Навбаҳор” албатта биз кутгандек ўйнади. Биз кутгандан-да, юқори даражада ҳаракат қилди. Аммо биз бу учрашувга ўзгача тайёргарлик кўрганимиз ва бор вужудимиз билан бирлашиб ўйнаганлигимиз учун “Навбаҳор”ни ўз услубида ўзига қарши ҳаракат қилдик ва бу уларни мағлубиятига сабаб бўлди.
Фикрлар