"Бунёдкор"нинг "Сурхон"га қарши ўйинида мотивацияси етарлича ёхуд бу жамоалар дурангни хоҳлашмаяпти

Тошкентда яна бир яхши ўйин кутяпти. Гап шундаки, ўтган турда меҳмонда “Насаф”ни мағлубиятга учратиб қайтган “Бунёдкор” навбатдаги турда ўзи учун яхши таниш бўлган ва ўтган турда “Қизилқум”га имкониятни бой бериб қўйган “Сурхон”ни қабул қилади.

Нима учун ушбу рақибни “Бунёдкор”га нисбатан ўзи учун яхши таниш деган таърифни беряпмиз? Ёдингизда бўлса, 16 август куни Ўзбекистон Кубоги 1\8 финал босқичида “Бунёдкор” ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилган ва қизиқарли, голларга бой ўтган беллашувда меҳмонларнинг қўли баланд келганди – 2:3. Шу тариқа, “Сурхон” “Бунёдкор”ни Ўзбекистон Кубоги мусобақасидан чиқариб юборганди. Кейинчалик эса термизликлар 1\4 финалда Наманганда “Навбаҳор”га ютқазишди.

Хуллас, “Бунёдкор” ўша мағлубият учун реванш олиш иштиёқида. Бунинг устига биринчи даврадаги баҳсда ҳам “Сурхон” “Қалдирғочлар”ни мағлубиятга учратганди – 1:0. Бу йил ҳисобидан ҳозирча “Бунёдкор” Термиз жамоасини ютолмаяпти. Навбатдаги учрашув эса жорий мавсумда уларнинг ўзаро учинчи тўқнашувига айланади.  

Яна бир қизиқ жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. “Бунёдкор” ва “Сурхон” клублари Ўзбекистон чемпионатида ҳаммаси бўлиб 9 маротаба куч синашишган ва навбатдагиси 10-ўйинга айланади. Ортда қолган 9 та учрашувнинг 6 тасида “Бунёдкор”, 3 тасида эса “Сурхон” ғалаба қозонган. Кўриб турибсизки, бу жамоалар ўртасидаги қарама-қаршиликда ҳали дуранг қайд этилмаган. Тўплар нисбати 18\9 “Бунёдкор” фойдасига.

“Сурхон” ҳали “Бунёдкор” мезбонлигидаги ўйинларда умуман ютолмаган. Фақатгина бу йил Ўзбекистон Кубоги доирасидаги беллашувда “Бунёдкор” стадионида ғалаба қозонганини юқорида ёзиб ўтдик. “Қалдирғочлар”да “Сурхон”га қарши ўйин олдидан мотивация етарлича эканини сезиш қийин эмас. Аммо бу йил чақилмас ёнғоқ каби таассурот қолдираётган “Сурхон” ҳам аллақачон яхши жамоа эканини кўрсата олди. Лекин охирги иккита турдан бери рақибларига имкониятни бой беряпти. “Насаф” ҳамда “Қизилқум”га бир хил 1:2 натижалари билан енгилган. Шунинг учун улар ҳам бу сафар “Бунёдкор”га жиддий қаршилик кўрсатиши табиий.

Иккала жамоа таркибида иқтидорли ёшлар бор. Мураббийлар томонидан қўлланиладиган тактика ҳам бундай пайтда асосий ўринга чиқиши мумкин. Очиқ футбол ўйнайдиган ва ёпиқ ўйинни у қадар хушламайдиган клублар иштирокидаги баҳсда балки голлар шоусини кўрармиз...

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!