"Бунёдкор"нинг янги устози клуб тизимидаги ёшлар жамоалари мураббийлари билан учрашди
Академия жамоаларидан бошлаб бир тизимда ишлашни йўлга қўя олган клуб кўплаб ютуқларга эришганига гувоҳ бўлганмиз. Зеро, ёшликдан бир тизим асосида шакллантирилган машғулотларда шуғулланиб катта бўлган футболчи бош жамоага мослашиши қийин кечмайди.
“Бунёдкор” бош мураббийи, УЕФА ва ОФК Про лицензиясига эга мутахассис Иван Бубало куни кеча уч нафар “ёрдамчиси” билан учрашди ва яқиндан танишди. Яъни, тўғридан-тўғри бош жамоага ўйинчи етказиб берадиган “Бунёдкор” U-21, “Бунёдкор” U-19 ва “Бунёдкор-2” бош мураббийлари Жамолиддин Раҳматуллаев, Бобур Зуҳриддинов ҳамда Анвар Раҳимов билан учрашган хорватиялик мутахассис ўз иш услубини таништирди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда Иван Бубало футболга бўлган қараши, тактикаси, иш услуби, селекцияда нималарга эътибор қаратишини тушунтириб, мураббийлар учун доимо очиқлигини, исталган вақтда ўз маслаҳати билан ёрдам беришини таъкидлади. Шунингдек, европалик мутахассис мавсум давомида “ёрдамчилари”га янада яқин бўлишини маълум қилди. Ўз навбатида мураббийлар албатта хорватиялик ҳамкасби билан ҳамкорликда иш олиб боришларини билдиришди.
"Бунёдкор" матбуот хизмати.
Фикрлар