Бутунжаҳон армия ўйинлари. Чарос Қаюмова финалда! Уч нафар таэквондочимизда бронза учун имконият бор
Хитойнинг Ухань шаҳрида VII Бутунжаҳон армия ўйинлари давом этмоқда. Бугунги кунги мусобақаларда ҳам тўрт нафар таэквондочимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
-53 кг вазн тоифасида Чарос Қаюмова 1/8 финалда мисрлик Марам Изатни 21:0 ҳисобида тор-мор этди. Чорак финалда сербиялик Тияна Богданович 22:19 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда бразилиялик Леонор Саравия таслим қилинди - 23:5. Финалда Чарос германиялик Надья Нутхафт Рохана билан тўқнаш келади.
-62 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Феруза Содиқова мусобақани чорак финалдан бошлади. Бу босқичда россиялик Юли Турутина 8:5 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда эса Феруза хитойлик Жие Сонг билан тўқнаш келди. Афсуски учинчи раундда омад ҳамюртимиздан юз ўгирди ва Содиқова финал остонасида имкониятни бой бериб қўйди. Энди Феруза бронза медали учун жанг қилади.
-54 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Отабек Турғанбеков дастлабки босқичда кореялик Парк Йонгчулни мағлуб этди. Нимчорак финалда ҳамюртимиз кувайтлик Али Алмершад устидан 32:10 ҳисобида ғалабага эришди. Афсуски чорак финалда Турғанбеков бразилиялик Пауло Мелога имкониятни бой бериб қўйди - 11:21. Энди Отабек бронза медали учун курашади.
-63 кг вазн тоифасида Ниёз Пўлатов илк босқичда қозоғистонлик Исламгали Абуов устидан ҳеч қандай қийинчиликсиз ғалабага эришди - 24:0. Сўнгра хитойлик Хаируи Ванг 20:17 ҳисобида таслим қилинди. Чорак финалда эронлик Камрон Марданипурни 25:12 ҳисобида мағлуб этган Ниёз ярим финалда франциялик Дилан Челламотога ютқазиб қўйди. Энди Пўлатов бронза медали учун баҳс олиб боради.
Манба: Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати
Фикрлар