"Бухоро" мураббийи: Легионерларимиз ҳали жамоага етиб кела олмади

"Бухоро" - "Андижон" (2:2) учрашувидан сўнг мезбонлар мураббийи Мирислом Ҳасанов ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Пандемия туфайли ўртадаги 3 ойлик танафусдан кейин футболчиларда ўйин вақтида диққатни жамлаб олиб, тўп тепиш қийин кечди. Сизга маълумки, асосий легионер марказий ҳимоячиларимиз жамоага етиб кела олишмади. Уларнинг ўрнида ҳаракат қилиш учун ёшлар жамоасидан футболчиларни сафимизга қўшишга мажбур бўлдик. Улар ёмон таассурот қолдирмади, ўйин учун рахмат уларга. Йигитлар 90 дақиқа ҳаракат қилишди, ғалаба қозонишимиз ҳам, мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди. Диққатни жамлай олмаганимиз учун керак бўлмаган ҳолларда рақибга пенальтилар ишлаши учун шароит яратдик, бу ҳам узоқ муддатли танаффуснинг таъсири деб ўйлайман.

Фурсатдан фойдаланиб, "Машъал" клуби раҳбариятига, бизга яратиб берган шароитлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман, - деди мураббий.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!