"C" гуруҳидаги рекорд ва парадокслар!

"Евро-2024" "C" гуруҳ учрашувлари якунига етди. Ҳа, бу гуруҳдаги беллашувлар якунлангач, ҳисоб-китоблар қилишни бошлаб юбордик. Гуруҳда биринчи ўринни Англия 5 очко билан қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўрин масаласи эса анча бошни қотирди. 

3 очкодан тўплаган Дания ва Словениянинг қўшимча кўрсаткичлари ҳам бир хил (2 тадан урилган голлар, 2 тадан ўтказиб юборилган голлар, ўзаро ўйинда ҳам дуранг 1-1) 

Мазкур ҳолатда Словения учинчи ўринда қолди. Сабаби, сариқ карточкалар фактори инобатга олиняпти. 

Қизиқ томони шундаки, бу икки терманинг сариқ карточкалари ҳам бир хил - 6 тани ташкил этарди. Статистик маълумотларни тақдим этувчи платформалардан буни кўриш мумкин. Бироқ жамоа техни директори Миливое Новаковичнинг олган сариқ карточкаси беллашувларнинг онлайн протоколларида кўрсатилмаган. 

Яна бир маълумот. Словения ҳам гуруҳдан чиқиб бўлди. Улар 3-ўринни эгаллаган жамоалар пойгасида Хорватия ҳамда Венгриядан олдинда. Сабаби, хорватларда 2 очко бор, Венгрия эса Словения билан бир хил уч очкога эга. Бироқ уларда тўплар нисбати - 2-5, яъни -3. 



Бундан ташқари, "C" гуруҳидаги жами 6 та ўйинда умумий 7 та гол урилди. Шунингдек, 6 учрашувнинг 5 тасида дуранг натижа қайд этилди. Бу турнирнинг рекорди ҳисобланади. 

Англия Европа чемпионатлари тарихидаги еттинчи нурсиз дурангига имзо чекди. Фақатгина Италияда улардан кўпроқ нолли дуранглар мавжуд (8та). Бундан ташқари, инглизлар Словенияга қарши беллашувда 74 фоиз тўп назоратини ўрнатди. Катта турнирларда инглизлар ушбу кўрсаткич бўйича ҳеч қачон бу қадар катта устунликка эга бўлмаган. Шунга қарамай, жамоа ғалаба қозона олмади.  



Қайд этиш лозим, Дания ҳамда Словения гуруҳдаги барча ўйинларда дуранг натижа қайд этди. Бундай ҳолат фақатгина 2016 йилда Португалия билан содир бўлганди. 



 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!