“Чарм тўп-2019”. Навоийда вилоят босқичи иштирокчилари аниқланди
Навоий вилоятида ҳам туман босқичлари ўз ниҳоясига етди. Қизилтепа туман босқичида тумандаги 48 та маҳалла ёшлари жамоаларидан саралаб олинган энг кучли 6 та жамоа ўзаро беллашди. Муросасиз кечган баҳсларда “Азизобод” МФЙ жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринни “Оқмачит” МФЙ жамоаси эгаллаган бўлса, фахрли 3-ўрин “Ҳасанча” МФЙ жамоасига насиб этди.
“Қизилқум” профессионал футбол клубига қарашли болалар ўсмирлар футбол мактаби майдонида ўтказилган Кармана туман босқичи ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди. Мусобақанинг финал баҳсида “Янгиобод” МФЙнинг “Ибн-Сино” жамоаси ҳамда “Жалоир” МФЙ жамоалари ўзаро куч синашишди. “Янгиобод” МФЙнинг “Ибн-Сино” жамоаси рақибидан 1:0 ҳисобида устун келди. Энди “Чарм тўп” мусобақасининг вилоят босқичида “Янгиобод” МФЙнинг “Ибн-Сино” жамоаси Кармана тумани шарафини ҳимоя қилади.
Хатирчи туман босқичида 8 та жамоадан 130 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди. Мусобақа якунида 1-ўринни “Тасмачи” МФЙ жамоаси ёшлари қўлга киритишди. 2-ўрин “Парахун” МФЙ жамоасига насиб этди. 3-ўринни “Янги” МФЙ жамоаси йигитлари эгаллашди.
Навоий шаҳар босқичи 2-БЎСМнинг футбол майдонида ўтказилди. Ушбу мусобақада 8 та МФЙдан 150 нафарга яқин иштирокчи иштирок этди. Шиддатли ўйин сўнгида 1-ўринни “Ҳаёт” МФЙ жамоаси қўлга киритди. 2-ўринни ҳақли равишда “Ишонч” МФЙ жамоаси эгаллаган бўлса, 3-ўрин “Турон” МФЙ жамоасига насиб этди.
Зарафшон шаҳар босқичи ушбу ҳудуддаги 2-мактаб футбол майдонида ўтказилди. Мусобақада 13 та МФЙ дан 180 нафарга яқин иштирокчи иштирок этди. Якуний натижаларга кўра 1-ўринни “Алишер Навоий” МФЙ жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин “Қурувчи” МФЙ жамоасига насиб этди. Фахрли учталикни “Янги Зарафшон” МФЙ жамоаси якунлади.
Фикрлар