Чарос Қаюмова: Таэквондони танлашимга оилам сабабчи
Истеъдодли таэквондочи Чарос Қаюмова айни пайтда терма жамоамиз аъзолари билан бирга Янгиобод ўқув базасида йиғинда иштирок этмоқда. Чарос "Fujaira Open" мусобақасидан олдин Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Таэквондо билан 14 ёшимдан буён шуғулланиб келаман. Ушбу спортдаги биринчи мураббийим Адҳам Азимов. Лекин шу даражага чиқишимда Паҳлавон Собировнинг ўринлари жуда ҳам катта.
Таэквондони танлашимга ота-онам, опаларим сабабчи бўлишган. Оиламдагилар ҳар доим, ҳар ишда мени қўллаб-қувватлашади.
"Fujaira Open"да 2017 йилда ҳам иштирок этганман. Ўшанда катталар ўртасидаги мен учун биринчи мусобақа бўлгани учун ва тажрибам йўқлиги боис рақибамга ютқазиб қўйгандим. Бу йилги мусобақада олдиндан нимадир дейиш қийин, аммо "Fujaira Open"да олтин медални қўлга киритишга бор кучим билан ҳаракат қиламан", - деди Чарос Қаюмова.
Эслатиб ўтамиз, таэквондо бўйича анъанавий "Fujaira Open" мусобақаси 31 январь - 2 февраль кунлари БААнинг Фужайра амирлигида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 7 нафар спортчи билан иштирок этади.
Манба: Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати
Фикрлар