Чавандозларимиз Марказий Осиёда тенгсиз
Эслатиб ўтамиз, жаҳон кубогининг Марказий Осиё минтақаси саралаш баҳсларида максимал натижа қайд этган чавандоз жаҳон кубоги финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.
Яқинда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти клубида яна бир йирик ҳалқаро мусобақа ташкил этилди.
От спортининг конкур йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон кубоги босқичи Марказий Осиё минтақаси саралаш баҳсларида юртимиз чавандозлари билан бир қаторда қўшни Қозоғистон ва қирғизистонлик спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Уч кун давом этган мусобақада ҳамюртларимиз ишончни оқлади. Айниқса, баҳсларда муносиб қатнашган 18 ёшли чавандозимиз Саидамирхон Турғунбоев Халқаро тоифадаги спорт устаси талабини бажаргани таҳсинга лойиқ.
Жаҳон кубоги босқичининг Гран-при мусобақалари муросасиз кечди. Унда омад ҳамюртимиз Бекзод Қурбоновга кулиб боқди. Терма жамоамиз сардори ва ўзбек от спорти фахри бўлмиш Ғайрат Назаров эса кумуш медалга сазовор бўлди. Қирғизистонлик Камиль Сабитов бронза медалини қўлга киритди.
От спорти бўйича жаҳон кубогининг Марказий Осиё минтақаси иккинчи босқичи 24-26 май кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи учинчи босқич беллашувлари эса сентябрь ойида қолдирилди. Бу босқич беллашувларига Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри мезбонлиқ қилади.



Изоҳлар (0)