“Челси” “Реал”ни 295 миллионга “едирган”!

“Челси” бир трансфер орқали “Реал” буюджетига катта миқдорда зиён етказди, деб ёзмоқда 90min нашри.

Табиийки, ишнинг бундай тус олишида мадридликларнинг ҳам айби бор. Улар бельгиялик Эден Азарга ортиқча ишониб юборган.

2019 йилнинг ёзида “Челси” мухлислари Премьер-лиганинг энг зўр плеймейкерларидан бирини Мадридга кўзларида ёш билан кузатиб қолди. “Реал” бу юлдуз учун 115 миллион берганини билмай қолди.

Азар Испания пойтахтига келганидан бери 3,5 йил ичида 17 маротаба жароҳат олиб, кўп вақтини даволанишга сарфлади. Кейин ортиқча вазн муаммоси келиб чиқди. Формасини тиклашда лайоқатсиз экани “Реал” мутасаддиларининг катта хатога йўл қўйганидан далолат берарди.

Манбанинг таъкдлашича, Эден Азарни олиб келиш харажатларидан тортиб, то шартномаси охирида бериладиган маошгача бўлган маблағ 295 миллион еврони ташкил қилмоқда. Азарнинг аҳволи эса, мадридликлар айнан мана шу суммага куйганини кўрсатиб турибди.

Қизиғи шундаки, ўтган йилнинг сентябридан бери энди майдонга тушган бельгиялик ҳужумкор футболчи Испания чемпионатида энг катта маош оладиган ўйинчи ҳисобланади. Унга мадридликлар ҳар йили 27 миллион евродан мояна тўлайди.

Кейинги ўринларда “Барселона” вакиллари – хизмат ҳақи 26 миллион еврога баҳоланган Роберт Левандовски ва ҳар мавсум учун 22,92 миллион евро маош олаётган Серхио Бускетс ўрин олган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!