“Челси”дан ҳайдалган Марескага Англиядан ўзидан иш чиқди
2026 йилнинг 1 январида “Челси” раҳбарияти жамоа бош мураббийи Энцо Марескани ишдан бўшатиб юборган эди. Бунга “аристократлар” қайд этаётган натижаларнинг кутилганидан пастлиги сабаб бўлган.
Энцо Мареска узоқ вақт ишсиз қолмайдиган кўринади. Англиянинг “Лестер Сити” жамоаси италиялик мутахассис билан боғланиб, уни жамоага қайтариш масаласини муҳокама қилди.
Бу ҳақда Mirror хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, “тулкилар” Энди Кингни вақтинчалик мураббий этиб тайинлаган эди. Бироқ энди Энцо Мареска бўш қолгач, “Лестер” хўжайинлари Мареска мавсум охиригача қисқа муддатли шартнома асосида жамоани бошқаришини истаяпти.
“Лестер” италиялик мутахассиснинг ўз келажагини “Манчестер Сити” ёки “Тоттенхэм” каби қудратли клублар билан боғлаш имконияти борлигини тўғри тушунади ва шу сабаб унга узоқ муддатли шартнома таклиф қилмоқчи эмас.
45 ёшли мутахассис 2023–2024 йиллар давомида “Лестер”ни бошқарган эди. Унинг қўл остида “тулкилар” Чемпионшипда ғолиб чиқиб, Англия Премьер-лигасига йўлланма олган эди. Айни пайтда “Лестер” яна Чемпионшипда ўйнамоқда ва 16-ўринни эгаллаб турибди.
Энцо Мареска айнан “Лестер”даги фаолиятидан кейин “Челси”га кўчиб ўтиб, “аристократлар”ни 2024–2026 йиллар давомида бошқарган.
Фикрлар