Чемпион жамоа осиёлик юлдуздан воз кечади
Жанубий кореялик ҳимоячи Ким Мин Жэ ёзги трансферлар ойнасида Бундеслига чемпиони “Бавария”ни тарк этиши мумкин. Унинг Туркияга қайтиши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда.
Kicker нашрининг хабар беришича, “Фенербаҳче” 29 ёшли марказий ҳимоячи бўйича сўров юборган ва уни навбатдаги трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда.
Маълумотларга кўра, томонлар ўртасида дастлабки музокаралар бўлиб ўтган. Германиянинг рекорд чемпиони футболчи учун тахминан 25 миллион евро трансфер пули талаб қилмоқда.
Ким Мин Жэ 2021-2022 йилги мавсумда “Фенербаҳче” сафида тўп сурган ва ўша ердаги муваффақиятли ўйинлари орқали “Наполи”га 19 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди. Бироқ Туркияга қайтиш учун ҳимоячи маошини сезиларли даражада камайтиришга рози бўлиши керак.
“Бавария” эҳтимолий трансферга қарши чиқмайди. Чунки ўтган мавсумда Ким марказий ҳимоячилар иерархиясида Дайо Упамекано ва Йонатан Тадан кейинги учинчи танлов ҳисобланган.
Жамоада, шунингдек, Йосип Станишич ва Хироки Ито ҳам бор. Бироқ икки мавсум давомида жароҳатлар билан қийналган Ито ҳам 20 миллион евро атрофидаги таклиф тушса, клубни тарк этиши мумкин.
Шунга қарамай, Ким Мин Жэ яқинда Мюнхенда ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди.
- Доим мунтазам ўйнаш ечим деб ўйлардим, аммо ҳозир рақобатчи ролимдан ҳам мамнунман. Фаолиятимда бунчалик узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолмаганман. Аввалига мослашиш қийин бўлди, аммо вақт ўтиши билан бунинг ижобий томонларини ҳам кўрдим, - деди футболчи кореялик журналистларга.
Кимнинг “Бавария” билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади. Бироқ у ўтган ёз ва қишки трансфер ойнасида ҳам сотилиши мумкин бўлган футболчилар қаторида тилга олинган эди.
Ўшанда ҳимоячи мавсум охиригача кутиб, вазияти яхшиланишини истаган. Аммо бу содир бўлмади: Упамекано ва Та ҳамон асосий таркиб футболчилари бўлиб қолмоқда.
Нашр маълумотига кўра, агар мос таклиф тушса, “Бавария” мавсум якунида Ким Мин Жэ билан хайрлашишга тайёр.
Футболчининг вазиятини “Ювентус”, “Милан”, “Галатасарой” ва “Бешиктош” ҳам диққат билан кузатмоқда. Хабарларга кўра, “Ювентус” ҳам аллақачон жанубий кореялик футболчига алоқага чиққан.

Фикрлар