Чемпионатимизда 7 та турдан кейин нималар рўй берди?

Суперлиганинг 8-тур учрашувлари июнь ойи охири ва июль ойи бошларига қолдирилганидан хабарингиз бор. Шу боис энди ўз-ўзидан жамоалар навбатдаги 9-турга эътиборларини қаратишган.

Чемпионатимизда 7 та турдан кейин нималар рўй берди? (Фақат ҳакамлар ва VAR мавзусидан ташқари!) Мусобақа жадвалининг кучли учлигидан “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва “Пахтакор” жамоалари жой олишган. Қачон дастлабки учта поғонани юқоридаги клублар банд этиб турганини кўргансиз? Тахминан бир неча йиллар илгари чемпионатимизда мазкур уч клуб фаворитлар эди ва уларга бас келадиганини топиш қийин бўларди. Ҳозир яна ўша трио чемпионатда гегемонликни ўз қўлларига олаётгандек. “Бунёдкор”, АГМК, “Насаф” сингари медаллар учун даъвогар саналган жамоалар ҳозирча юқоридаги учликнинг орасига кира олмаяптилар. Тўғри, ҳали мавсум узоқ давом этади. Аммо “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва “Пахтакор” клубларининг шашти баландга ўхшаяпти. Учаласида бир хил – 15 тадан очко мавжуд. Уларнинг орасида “Нефтчи”нинг кураги ҳали ерга теккани йўқ. “Пахтакор” эса ҳозирча дуранг ўйнамади. Суперлигани кетма-кет иккита мағлубият билан бошлаган “Шерлар” шундан бери фақат ғалаба қозониб келяпти. Дарвоқе, “Навбаҳор” ҳисобида ҳам ҳозирча дуранг мавжуд эмас. Самвел Бабаян жамоаси сафарда иккита мағлубиятга учраган, қолган учрашувларда рақибларини таслим қилиб келмоқда. Шунингдек, дурангги йўқ жамоалар орасида “Андижон” ҳам бор бўлиб, улар 7 та баҳснинг 3 тасида ғалаба қозониб, 4 тасида имкониятни бой беришди.

навбаҳор агмк_3

Хуллас, “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва “Пахтакор” медаллар учун асосий даъвогарлар эканини амалда исботлашга киришиб кетдилар. Бу яхши албатта. Яна олдинги пайтлардагидек “учовлон” интригани қиздириб юбориши фақат ижобийликдан дарак. Улардан кейин “Бунёдкор” билан “Насаф” таъқиб қилиб келишмоқда. Етакчилардан сўнг “Сурхон”нинг 6-поғонада бораётгани кутилмаган ҳолатлардан бири эканлиги аниқ. Тан олиш лозимки, мавсум аввалида кўпчилик термизликлардан бундай стартни кутмаганди. “Сурхон” ўйини ва меҳнатига яраша 6-ўринни банд этиб турибди. Ҳатто ОКМК бу клубдан ортда боряпти. Бироқ мавсум якунигача барқарорликни қайси жамоалар сақлаб қолишида гап кўп. Ҳозир 7-турдан кейинги ҳолат билан фикр юритяпмиз. Лекин чемпионат якунига яқин ким қайси ўринда бўлади? Тўғри, ҳозир клублар борасида маълум тасаввурга эгамиз, барибир охирига келганда асл кучига таянган ва барқарорлигини сақлай олган жамоаларнигина совринли ўринлар қаторида кўришимиз мумкин. Бу борада катта эҳтимол билан аввалдан фаворитлар қаторида номлари эътироф этилган жамоалар жойларини бошқаларга бўшатиб қўйишмаса керак.

Дарвоқе, яна “Пахтакор” ҳақида. 7 та турдан кейин энг кўп гол урган жамоа “Шерлар” бўлиб турибди. Рақиблар дарвозасига 15 та гол урган ва ўз дарвозасидан 10 марта тўп олиб чиққан. “Пахтакор”дек жамоа учун албатта ўтказиб юборилган голлар сони анча кўп. Бу эса Шацких жамоасининг ҳимоя чизиғида муаммолар етарли эканини кўрсатиб турибди. Умуман олганда, 7 та турдан кейин дарвозасидан энг кўп тўп олиб чиққан жамоа “Металлург” бўлиб турибди – 16 та. Ундан кейин “Сўғдиёна” (12) ва ОКМК (11) клублари дарвозасидан кўп гол ўтказганлар орасида кучли учликни якунлаб туришбди. Энг кўп гол урган жамоалар орасида “Пахтакор”дан сўнг мос равишда “Навбаҳор” билан “Нефтчи” жамоалари боряпти. Уларнинг ҳисобида 14 тадан гол бор. Суперлигада энг оз гол “Қизилқум”га тегишли бўлиб турибди. Навоийликлар 7 та учрашувда 3 та гол урдилар холос.

пахтакор чипта_4

Ғалабасиз келаётган жамоа номини ҳамон “Турон” ўзида сақлаб келяпти. Яқинда у ерда бош мураббий ўзгартирилди. Бахтиёр Ашурматов ўрнига россиялик Денис Бушуев тайинланди. Унинг дебют ўйинида жамоаси Яйпанда “Навбаҳор”га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Олдинда “Турон”ни ўз уйида “Пахтакор”га қарши учрашув кутаётганини унутмаслик керак. Бош мураббийи ўзгарган клублар орасида ҳозирча “Металлург” бир марта ютди. Черногориялик Веско Стешевич Бекободда ОКМК устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалаба айнан унинг дебют учрашувига тўғри келди. Бироқ кейинги турда “Металлург” сафарда “Андижон”дан қақшатгич зарбани қабул қилиб олди. Иван Бошкович ҳам “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида илк ғалабасини 22 апрель куни “Қизилқум”га қарши учрашувда қўлга киритди. “Бухоро” эса Улуғбек Бақоев бошчилигида ҳозирча юта олгани йўқ. Ҳамон 1-турда Ҳаким Фузайлов бошчилигида “Турон” майдонида қўлга киритилган ғалаба “Бухоро” учун ягона бўлиб турибди.

Навбатдаги тур баҳслари 4-8 май кунлари ўтказилади. Олдинда эса сиз билан бизни яна кескин ўйинлар кутаётгани аниқ.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!