"Чемпионатни кучли учликда тугатамиз" ёхуд "Қизилқум"нинг 37 ёшли футболчисини тўхтатишнинг иложи бўлмаяпти
Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси кўрсатаётган ўйин ва натижалар анча салмоқли. Буни турнир жадвалидаги ўрнидан ҳам билсангиз бўлади. Охирги учта ўйинда қўлга киритилган етти очкодан сўнг, навоийликлар 4-поғонага кўтарилдилар. Клубнинг натижаларига қарасак, 11 та учрашувда 4 та ғалаба, 5 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этган.
Жамоа охирги марта 19 май куни 9-тур доирасида ўз майдонида “Пахтакор”га 0:1 ҳисобида ютқазган. Ундан аввал эса 5-турда Навоийда “Насаф” билан кечган баҳсда ҳам меҳмонлар ғолиб чиқишган – 1:2. Қолган учрашувларда “Қизилқум” ё ютяпти ёки дуранг ўйнаяпти.
Кеча 11-тур доирасида ўз майдонида “Бунёдкор”га қарши учрашувни ҳам навоийликлар анча ҳужумкор ва чиройли тарзда ўтказди. Натижа ҳам шунга мос бўлди – 2:1.
Билсангиз керак, навоийликлар таркибида номдор ва тажрибали ўйинчилар бисёр. Уларнинг маҳорати шубҳасиз “Қизилқум”га жуда асқотяпти. Бу борада Эркин Бойдуллаев ажралиб турибди. У 37 ёшда бўлса-да, ҳамон ўзига юклатилган вазифани бажариб келяпти. Шундай экан, “Бундёкор” устидан қозонилган ғалабада ҳам Эркиннинг қўшган ҳиссаси катта бўлди. Футболчи бу борада тўхталар экан, шундай деди:
- “Бунёдкор”ни ниманинг эвазига мағлуб этдик? Аввало жамоавий аҳиллик ва ғалабага бўлган иштиёқ туфайли деган бўлардим. Бу ўйинда ҳамма бор кучини бериб ўйнади. Шунинг учун ҳам биз ушбу учрашувда ғалаба қозондик. Жамоамиздаги ҳар бир футболчи бир-бири учун ҳам меҳнат қилди. Кўрган бўлсангиз, ўйин давомида яратган имкониятларимиз ҳам кўп бўлди.
“Қизилқум” – “Бунёдкор” иштирокидаги ўйини кўрган ишқибоз борки, асло зерикиб қолгани йўқ. Биз бежизга Бойдуллаевга тўхталганимиз йўқ. У “Бунёдкор”га қарши ўйиннинг 20-дақиқада гол уриб ҳисобни очди. Аммо у қандай гол урганини кўрдингизми? Нақд бурчакдан узатган зарбаси тўғри дарвозанинг юқори бурчагига бориб тушди. Ҳамма футболчи ҳам бурчак зарбасидан кейин гол уравермайди. Бунга ҳам маҳорат керак. Эркин Бойдуллаевнинг зарбаси эса заргарона кўриниш олди ва ҳеч кимга тегмасдан дарвоза тўридан жой олди. Шубҳасиз, жуда чиройли гол! Футболчи буни қандай қилиб уддалади?
- Бурчакдан урган голимга келсак, бу мураббийларнинг кўрсатмаси эди. Айтишим мумкинки, бу бизнинг ўйин чизгимиз эди. Эътибор берсангиз, ўйинчиларимизнинг 4-5 нафари бўйдор. Мураббийларимизнинг ўйин олди кўрсатмаси бўйича стандарт вазият бажарилаётганида улар дарвоза чизиғида туришлари керак. Менинг вазифам эса дарвозанинг ўзи томон тўпни узатиш эди. Бундай вазиятда тўп ҳар қандай футболчига тегиб дарвозага кириб кетиши ёки автогол ҳам бўлиши мумкин. Чунки стандарт бажарилаётган маҳалда бизнинг ўйинчиларимиз рақиб ҳимоячилари ва дарвозабонига ҳалақит қилади. Қисқа қилиб айтсам, ўша вазиятда бизнинг олдиндан ўйлаб қўйган режамиз ўхшади, - деди Бойдуллаев.
Бу гол барчага ёқди, балки зарбанинг эгасига ҳам ёққандир-а? Таянч ярим ҳимоячисининг бундай ҳолатда гол уришини кўпчилик кутмаганди. Шу ўринда футболчидан киритган голларингиз орасида буниси энг чиройлиси деб сўраганимизда Эркин қисқа қилиб шундай деди:
- Айтишим мумкинки, фаолиятим давомида мен учун бундан ҳам чиройли голларим бор.
Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз: Бойдуллаев боя айтганимиздек, таянч ярим ҳимоячиси саналади. Унинг асосий иши аслида гол уриш эмас, балки майдонда ўзига юклатилган вазифаси бор. Лекин 37 ёшли таняч ярим ҳимоячиси учта учрашувдан бери гол уриб келаётганига нима дейсиз?! У “Сурхон”, АГМК ва “Бунёдкор” дарвозаларига голлар урди. Ушбу баҳсларда киритган голлари “Қизилқум”га муҳим очколарни тақдим этишда жуда асқотди. Бунақаси унинг фаолиятида биринчи марта юз бермоқда. Яъни, ҳали кетма-кет учта учрашувда гол урмаганди. Бойдуллаев ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.
- Мен учун биринчи навбатда жамоамнинг ғалабаси туради. Бундай маҳалда ким гол уришининг фарқи йўқ. Майдонга тушганда ўз ишимни қиламан. Умуман олганда, майдонга тушган ҳар бир ўйинчининг ўзига юклатилган вазифалари бўлади. Гол эса турли вазиятлардан келиб чиқади. Мен киритган учта голимдан иккитасини стандартдан ва биттасини ўйиндаги вазиятдан урдим.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, “Қизилқум” охирги турлардаги муваффақиятли ўйин ва натижалардан кейин 4-ўринга кўтарилиб олди. Бундай кўтарилиш табиийки жамоа аъзоларининг кайфиятига кайфият қўшиши шубҳасиз.
- Бизнинг вазифамиз мавсумни максимал даражада юқори ўринларда тугатиш. Шунингдек, жамоамизга мухлислик қилаётганларнинг кайфиятини кўтаришни истаймиз. Бунинг учун жамоамиз жуда аҳил, тўп билан ҳам яхши муомалада бўляпмиз, ўйинлар чоғида етарлича имкониятларни яратяпмиз. Мана шундай темпда ўйнашда давом этсак, ўйлайманки, чемпионатни кучли учликда тугатамиз, - деди Эркин Бойдуллаев.
Фикрлар