Черан ҳамон энг зўри. Уни кимлар таъқиб қилаётганини кўрдингизми?
Суперлигада биринчи давра ўз поёнига етиб қолди. 12-тур ортда қолди. Олдинда 13-тур ўйинлари бор ва бу июнь ойининг охирларига яқин ўтказилади. Дарвоқе, чемпионатда 8-тур баҳслари ҳам тўлиқ қолдирилган бўлиб, бу ҳам июнь ойи охири, июль ойи бошларига мўлжалланган.
Тўпурарлар пойгасини ҳам кузатяпсизми? “Пахтакор” ҳужумчиси Драган Черан 9 та гол билан якка тўпурар бўлиб турибди. Шундоқ ҳам сербиялик Черан охирги 4 мавсумдан бери Ўзбекистон чемпионатида ҳаммадан кўп гол уриб тўпурарлик мақомини ўзида сақлаб келяпти. Бу йил 36 ёшни қаршилайдиган Драган бу йил ҳам гол уриш салоҳиятини йўқотмаган ва ҳамон тўпурарлар пойгасида биринчи ўринда. 11 та учрашувда рақиблар дарвозасини 9 марта ишғол қилди. Бу эса ростдан унинг ҳамон юқори савияда эканини кўрсатиб турибди.
Дарвоқе, “Пахтакор”нинг “Сурхон”га қарши ўтган оғир ўйинида Черан яна энг яхши футболчи номига сазовор бўлди. Учрашув тақдирини унинг ўзи ҳал қилиб қўя қолди. 75-дақиқада унинг индивидуал маҳорати эвазига рақиб дарвозаси ишғол этилди ва бу гол ягоналигича қолган ҳолда “Пахтакор”га қимматли уч очко олишига сабаб бўлди.
Тўпурарлар рўйхатида Черандан кейин кимлар борлигига ҳам эътибор қаратдингизми? Рубин Хебай (“Андижон”), Зенан Займович (“Сўғдиёна”) ва Сильванус Нимели (“Сурхон”). Хебайдан 7, Займовичда 6 ва Нимелида 5 та гол бор. Клублар бу йил легионерлар таклиф қилишда анча омади келгани кўриняпти. Юқорида номлари тилга олинган учала футболчига мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам юқори баҳо беришяпти ва улар ҳақида яхши таърифларни эшитяпмиз. Ҳозирча ўйинлари ва голлари билан ўзига билдирилган ишончни оқлашяпти. Масалан, албан йигити – Хебай ҳозирги кунда “Андижон”нинг энг зўри бўлиб турибди. Қисқа фурсат ичида барчанинг нигоҳини ўзига қаратди. Кетма-кет 5 та ўйинда 7 та гол урди ва яна 2 та ассист ҳам бор. Рубинда шундай хусусият бор эканки, қийин вазиятдан ўзи учун голли вазият ярата олади. Тўпни ўзида яхши “сохранит” қилади ва майдонни яхши кўра олади, зарбаси кучли ва аниқ. Ҳужум пайтида қулай вазиятга чиқишни билади. У жуда керакли ҳужумчи. “Андижон”нинг бу йил “топилма” легионерларидан бирига айланяпти.
Займович “Сўғдиёна”да бош мураббий ўзгаридан кейин бирин-кетин голлар уришни бошлади. Иван Бошкович унинг очилмаётган қирраларини оча олди. Натижада Займович ўзидаги иқтидорни намойиш қилишга киришиб кетди. Шунингдек, “Сурхон”даги либериялик Нимели ҳам ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Қийин вазиятларда гол уришни биладиган ҳужумчи. Кучли тарафлари кўп экан. Улар ҳали чемпионат давомида яна ўз сўзини айта оладилар. Чемпионатимизга айнан шундай ҳужумчилар керак эди. Энди бошқа жамоаларимизда Черан каби голни яхши ҳис қиладиган легионерлар пайдо бўлаётгани яхши ҳолат.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Қани ўзимизни ҳужумчилар? Тўпурарлар орасида маҳаллий ҳужумчиларимиздан кимни кўряпсиз? Нимели билан бирга “Навбаҳор”даги Остон Ўрунов ҳисобига 5 та гол бор. Аммо Остон ҳужумчими? Йўқ, албатта. У ярим ҳимоячи, эркин ижодкор. Ўрунов кези келганда ҳужумчиларнинг вазифасини ҳам бажариб кетяпти. Тўпурарлар орасида бирорта ҳужумчимизнинг йўқлиги ҳавотирли ҳолат, шундай эмасми? Драган Черан 4 йилдан бери энг яхши тўпурарликни ҳеч кимга бермай келаётгани ҳам бизда тўпурар ҳужумчилар билан боғлиқ муаммо бўй кўрсатаётганидан дарак. Сўнгги бор 2017 йилда ўзимизнинг ҳужумчи тўпурар бўлганди. Ўшанда Марат Бикмаев “Локомотив” сафида 27 та гол урган. Шундан бери хорижлик легионерлар энг кўп гол уриб келишмоқда. Бу йил ҳам тўпурарлар рўйхатини юқорида айтиб ўтганимиздек, асосан чет эллик ҳужумчилар бошқариб келишяпти. Жорий мавсумда ҳам катта эҳтимол тўпурар легионер ҳужумчилардан бирига насиб қилади. Лекин бу йўлдаги кураш анча қизиқарли ва жиддий тус оладиганга ўхшаяпти. Боиси, бошқа клубларнинг яхши савиядаги ҳужумчиларни олиб келгани эвазига интрига янада қизияпти. Ўзимиздан тўпурар ҳужумчиларнинг чиқмаётгани эса бу алоҳида мавзу.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар