Черан ва Дердийок энди қийналиб қолади. Диёр Имомхўжаев "Пахтакор"нинг ОЧЛдаги муваффақиятсизлиги ҳақида гапирди
Хабарингиз бор, "Пахтакор" Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 5-турида "Трактор" (0:0) билан нурсиз дуранг қайд этди ва гуруҳдан чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев "шерлар"нинг ушбу муваффақиятсизлиги ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
"Пахтакор" Чемпионлар лигасининг илк турида энг ёрқин ўйинини намойиш этди ва шу билан тўхтади.
Юпанч берадиган масала асосан икки футболчи: Диёр Холматов ҳамда Ҳожимат Эркинов. Улар қаторига Иброҳимхалил Йўлдошевни ҳам албатта қўшиш мумкин. Бу йигитлар миллий терма эртаси.
"Пахтакор" фақатгина 5-турга келибгина ҳакам ҳуштагига қадар ўйнади, менимча. Қолган барчасида учрашув охирларида темп ташлаб юборилди ва бунинг учун клуб жазоланди. Ваҳоланки, ўйин бобида рақибларининг ҳеч биридан кучсиз эмасди.
"Пахтакор" ўз ҳисобига ғалабалар ёзиб қўйганида, бу албатта квоталар масаласидаги очколаримиз учун ҳам фойдали бўларди. Аммо клуб бунинг уддасидан чиқмади. Ҳеч бўлмаганда сўнгги турда ўз мухлисларини хурсанд қилиши керак.
Ҳар йили порлаб чиқаётган футболчиларнинг хориж лигаларига йўл олишлари учун имкониятнинг кўпроқ бўлиши ҳар тарафлама бизнинг фойдамизга ишлайди. Буни Машарипов мисолида ҳам кўриш мумкин. Голландиялик мутахассиснинг мақтовга лойиқ асосий иши — ёшларга қўрқмай ишонаётгани. Чунки Черан ёки Дердийок кабилар халқаро майдон учун қийналиб қоладиган давр аллақачон етиб келганини ҳамма кўрди", - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар