Чорак финал учун даҳшатли қарама-қаршилик. "Вулверхэмптон" "Олимпиакосни" енгди

УЕФА Европа Лигаси нимчорак финали доирасидаги "Вулверхэмптон" - "Олимпиакос" ўйини якунига етди. Унда Нуну Эшпириту Санту шогирдлари кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Биринчи таймнинг 9-дақиқасида Рауль Хименес томонидан аниқ амалга оширилган пенальти ҳакамнинг сўнгги ҳуштаги янграгунча ягоналигича қолди.

Энди англияликлар чорак финалда "Севилья"га қарши баҳс олиб боради.

  • 90+'

    Қизиқарли ўтган учрашув якунланди. Уни сиз билан Абдулвосид Валихонов кузатиб борди.

  • 90+'

    "Олимпиакос" мураббийлар штабидан ёрдамчи мураббий ҳам огоҳлантирилди.

  • 90+'

    Хименес майдон марказидаги қўполлиги учун огоҳлантирилди.

  • 90+'

    Ўткир бурчакдан йўлланган хавфли зарба Патрисиу дарвозаси тўрига ташқи томондан тегди.

  • 90'

    Жуда қизиқарли кечаётган ўйинга 6 дақиқа қўшиб берилди.

  • 90'

    Рауль Хименес бурчак ёнида ўз техникасини намойиш этиб, рақиб ҳимоячиларининг асабларини синаб кўрди.

  • 88'

    Рақиб посбони Аллен билан тўқнашиб кетган Боли майдонда ётибди. Шифокорлар аллақачон майдонда.

  • 85'

    Жамоалар майдон марказини тезликда босиб ўтишмоқда. Ўйин қизиқарли суръатда давом этяпти.

  • 82'

    Майдонга 26-рақамда Кафу туширилди. У Гильерме ўрнига ҳаракат қилади. 

  • 81'

    Яқин масофадан берилган зарбани Руи Патрисиу қайтариб, жамоасини муқаррар голдан асраб қолди.

  • 79'

    Рақиб посбони билан бирга бир қолган Жота қулай вазиятдан фойдалана олмади.

  • 77'

    Эль-Араби рақиб ҳимоячиларидан илдамлаб кетди. Ён ҳакам байроқчасини кўтарди.

  • 75'

    Қанотлардан тинмай узатмалар амалга ошираётган "Олимпиакос" футболчиларининг ҳаракатлари бесамар якунланяпти.

  • 74'

    Хименеснинг юзига зарба бериб юборган Сиссе огоҳлантирилди.

  • 71'

    Майдондан чиқишни пайсалга солган Поденс сариқ карточкага муносиб кўрилди.

  • 71'

    Дендонкер ўйини ўхшамаётган Поденс ўрнини тўлдирди.

  • 70'

    Хименеснинг заргарона пасини қабул қилган Поденс ўйиндан ташқари ҳолатда эканлиги ойдинлашди.

  • 69'

    Кетма-кет ҳужумлар натижасида бурчак зарбаси ишлаб олинди.

  • 66'

    Юнонларнинг ҳужумлари борган сари хавфли тус олмоқда. Улар гол зарурлигини ҳис қилиб туришибди.

  • 65'

    Кока Камара ўрнига майдонга тушди.

  • 63'

    Вилли Боли очиқ дарвоза қаршисида тўпга ета олмади.

  • 61'

    Ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан сўнг аниқ зарба берган Поденснинг хавфли зарбасини дарвозабон бартараф этди.

  • 59'

    Хименеснинг тезлиги бироз панд берди. Акс ҳолда, у қулай имконият ҳосил қилиши мумкин эди.

  • 57'

    Ўйини очилмаган Адама Траоре ўрнига Диогу Жота майдонга ташланди.

  • 55'

    Қанотдан узатилган тўпга боши билан зарба берган Эль-Араби мўлжалда бироз янглишди.

  • 54'

    Камаранинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 51'

    Доэртининг суст ҳаракатлари туфайли позицион ҳужум муваффақиятсиз якунланди.

  • 48'

    "Бўрилар" иккинчи бўлимда ҳам устунликни қўлга киритишга уринишмоқда.

  • 46'

    Меҳмонлар сафида ўзгариш: майдонда ҳаракат қилган Бухалакис ўрнига Фортунис туширилди.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди.

  • 45+'

    Бош ҳакам Марциняк ўз ҳуштаги билан жамоаларни танаффусга таклиф қилди.

  • 45+'

    Бироз аввал жароҳат олган Моутиньонинг ҳолати яхўи эмас. Шифокорлар унга тиббий ёрдам кўрсатишмоқда.

  • 45+'

    Ба ва Моутиньонинг бошлари тўқнашиб кетди. "Олимпиакос" ҳимоячисига сариқ карточка кўрсатилди.

  • 45'

    Биринчи бўлимга 4 дақиқа қўшиб берилди.

  • 45'

    Невешга нисбатан қўпол ҳаракат қилган Цимикас огохлантирилди.

  • 42'

    Меҳмонлар яна бир бор воқеалар ривожидан илгарилаб кетишди.

  • 41'

    Хименеснинг антиқа усулда йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади.

  • 38'

    Моутиньо қўпол ҳаракати сабабли сариқ карточкага лойиқ топилди.

  • 36'

    Жарима майдонига узатиб берилган ҳавфли узатмага юнонлар эта олишмади.

  • 33'

    Меҳмонлар ҳужум уюштиришда давом этишмоқда. "Бўрилар" ҳимояда.

  • 31'

    Бош ҳакам голни бекор қилди. Миллиметрлар бу вазият тақдирини ҳал қилди. Ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди.

  • 28'

    ГОООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Эль-Арабининг ажойиб узатмасидан сўнг Камара ҳисобни тенглаштирди... Йўқ, офсайд бўлган экан. ВАР шундай қарор қабул қилди.

  • 25'

    Невеш Хименесдан тўпни қабул қилиб, кучли зарба берди. Ҳимоячилар зарбани яхши блоклашди.

  • 22'

    Мет Доэрти қўпол ҳаракат қилди. Ҳакам ҳозирча аяди.

  • 19'

    Цимикаснинг хавфли зарбасини Патрисиу қайтарди.

  • 17'

    Жароҳатланган Отто ўрнига Винагре майдонга тушди

  • 15'

    Хонни Оттога тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

  • 13'

    Моутиньо томонидан амалга оширилган бурчак тўпини ҳимоячилар қайтаришди.

  • 8'

    ГООООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Хименес осонлик билан пенальтини аниқ амалга оширди.

  • 7'

    Поденсни дарвозабон очиқчасига итариб юборди. Пенальти.

  • 6'

    Тўп назорати асосан юнонларда бўлиб турибди. Орқа чизиқда улар бир-бирларига тўпни етказиб беришмоқда.

  • 1'

    Хименеснинг рақиб хатосидан унумли фойдаланиб кетиши мумкин эди. Зарба чиройли, аммо ноаниқ кетди.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    УЕФА миқёсидаги учрашувлар коронавирус қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут билан бошланмоқда.

  • 0'

    Жамоалар майдонга тушиб келишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!