Coca-Cola ҳомийлигида "Students Cup" мусобақаси ўтказилади
2022 йилда илк бор ташкил этилган мини-футбол мусобақаси талаба ёшлар томонидан илиқ қарши олиниб, ҳар бир учрашув ўзига хос байрамга айланиб кетганди. Орадан икки йил ўтиб Cоcа-cоlа мазкур лойиҳани тиклашга қарор қилди.
"Students Cup" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва Wоркоут спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5282-сон Қарори ҳамда 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-115-сонли Қарорига асосан олий таълим муассасалари талабаларини мини футбол мусобақасига жалб қилиш мақсадида ташкил этилади.
Лига томонидан илгари сурилган ташаббус Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Биз бу борадаги ёрдами учун ҳар икки ташкилот вазирлари Конгратбай Шарипов ва Пўлат Бобожоновдан миннатдормиз.
Айни вақтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси олий таълим муассасалари ўртасида III босқичли Талабалар лигаси мусобақасини ўтказиб келмоқда. "Students Cup" Талабалар лигаси каби даврий мусобақа ҳисобланмайди. У кубок шаклида ўтказилади ва бир неча кун ичида ғолиб жамоа аниқланади. Лига Cоcа-cоlа билан ҳамкорликда бошқа лойиҳаларни ҳам амалга ошираётганидан келиб чиқиб, "Students Cup" пойтахт ва Тошкент вилояти олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкил этилади.
4 апрель санасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари иштирокида "Students Cup" мусобақасини ташкил этиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди
Мусобақада иштирок этишни мақсад қилган жамоа олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланган талабномани Ташкилий қўмитага (info@pfl.uz) тақдим этиши лозим. Талабноманинг намунавий шакли ҳамда мусобақа Низоми Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тегишли олий таълим муассасаларига тақдим этилади.
Фикрлар