Дам олиш кунлари Европа топ-5 чемпионатларида сиз кўришингиз лозим бўлган учрашувлар (превью)
Бугундан Европа миллий биринчиликларида навбатдаги тур беллашувлари старт олади. Биз эса сизнинг эътиборингизни тортиши мумкин бўлган беллашувлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
“Брайтон” - “Манчестер Юнайтед”
Турни манчестерликлар иштирокидаги ўйин очиб беради. “Кристал Пэлас”дан учралган мағлубият тасодифлигини исботлаш учун бундан ҳам яхшироқ рақибни биласизми? “Чағалайлар”нинг не умидлар билан жамоага олиб келган футболчиси Адам Лаллана иккинчи ўйиндаёқ жароҳат олди. Энди ўз уйида мухлисларсиз ўйнашга маҳкум этилган “Брайтон”га янада оғир бўлиши аниқ.
“Аугсбург” - “Боруссия” Дортмунд”
Германия Бундеслигасида барча “Боруссия”дан нимадир кутяпти. Қўрқинчли “Бавария”ни тўхтатиб қолиш учун Люсьен Фавр шогирдлари мана шу каби беллашувларда очко йўқотмаслиги лозим. Ўтган мавсум ўзаро ўйин натижасидан кейингина мюнхенликлар яққол пешқадамга айланиб олганди. Ёзги трансферлар ойнаси ҳамон очиқлигича турибди ва дортмундликлар фақат Ҳакимини йўқотди. Жамоанинг бошқа етакчилари ўз ўрнида, марокашликнинг ўрнига эса, Менье олиб келинди.
“Вест Бромвич” - “Челси”
“Ливерпуль”га қарши ўйиндаги мағлубият “аристократлар” учун ғоят аламли бўлди. “Челси” яхши ўйнаб, мағлубиятга учради. Ростдан ҳам, омад “қизиллар” тарафида бўлди. Кепанинг хатосини зўрға “ҳазм қилган” Лэмпард учун Жоржиньонинг пенальтидан фойдалана олмагани ортиқчалик қилди.
Вернер анча яхши киришиб кета олганини яна кўрсатди. Хаверц ҳозирча кутилган ўйинни намойиш эта олмаяпти. Чилуэлл, Силва ҳамда Зиешни ҳали майдонда кўрмадик. Лига кубоги баҳсида тажрибали ҳимоячи майдонга тушди. Энди навбат АПЛга.
“Вест Бромвич” ҳам мудофаа чизиғини кучайтириш мақсадида айнан лондонликларнинг собиқ ҳимоячиси Бранислав Иванович билан шартнома имзолади. Янги харид қилинган Эдуард Менди майдонга тушадими ёки йўқ, бу ҳам сўроқ остида.
Демак, ушбу беллашувни кузатишимиз керак.
“Интер” - “Фиорентина”
Флоренцияликлар етакчиларини йўқотиб қўймаслик учун ҳали-ҳамон тиш-тирноғи билан курашмоқда. Кьезанинг харидорлари эса клуб қабулхонасидаги телефонларни тиндирмаётган бўлса керак.
“Интер” эса қарияларни ўзига жалб қилишда давом этмоқда. Конте терма жамоадаги даврларини соғинган, чоғи. Акс ҳолда, яна 2-3 мавсум ўйнаши ҳам даргумон бўлган футболчиларга шунча пул сарфлармиди?!
Нима бўлган тақдирда ҳам, “Жузеппе Меацца”да жамоаларнинг номига мос даражада шиддатли ўйин бўлиши аниқ.
“Бетис” - “Реал”
“Қироллик клуби”нинг “Сан-Себастян”да кечган ўйинини кўрган футбол мухлислари уларда ҳужум борасида муаммо борлигини таъкидламоқда. Аммо бу ҳозирча мавсум старти. Азар қанча муддатга қайтади билмаймиз-ку, лекин мадридликларнинг умиди бельгиялик футболчидан бўлиб турибди.
Эдегор илк учрашувданоқ асосий таркибдан жой олди. Яна айнан собиқ клубига қарши ўйинда.
Клаудио Браво билан кучайган “Бетис” эса икки учрашувда ҳам гол ўтказмади: 6 очко.
“Галактикос” мухлисларига рақибнинг фарқи йўқ, улар ўз суюмлилари иштирокидаги ўйинни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади.
“Тоттенхэм” - “Ньюкасл”
Лондонликлар 2 та турда 2 хил ўйин намойиш этди. “Эвертон”га қарши ўйинни ҳам ёмон, дея олмаймиз. Бироқ “шпорлар” вазиятлар яратишда оқсади. Аниқроғи, Анчелотти шогирдларига гранд жамоа руҳиятини тақдим қилмоқда.
Иккинчи беллашувда эса Сон ва Кейн жуфтлиги ҳисобда орқада бораётган жамоасини 40 дақиқа ичида ғалабагача етаклаб борди.
Араблар қўлига ўтиши ёз бўйи муҳокамалар марказида бўлган “Ньюкасл”ни эса Каллум Уилсоннинг бир ўзи етарлича кучайтиришга эришибди. Ушбу футболчидан Моуриньо шогирдлари ҳушёр бўлишлари талаб этилади.
“Наполи” - “Женоа”
Неаполликлар анча ақлли трансферга қўл урганига мана энди иқрор бўлдик. Осимхенга 40 млн евро тўланиши кўпчилик томонидан маъқулланмаганди. Аммо у майдонга тушиб янги жамоасининг ғалабасини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди. Ҳа, жамоада ҳамон Инсинье ва Мертенс етакчи. Аммо Гаттузога жамоадан кетиши кутилаётган Милик ўрнига битта яхши ҳужумчи керак эди.
Генуяликлар ҳам мавсум дебютанти “Кротоне”ни А Серияга чиққани билан боплаб табриклади. Яқиндагина харид қилинган Давиде Жаппакоста янги жамоасига фойда келтиришни бошлаб юборди.
“Хоффенхайм” - “Бавария”
Тўхтатиб бўлмас Крамарич ва “Бавария” тўқнашуви. Бу учрашувдан биз кутадиган нарса ёлғиз мана шу, холос. Балки, мюнхенликлар Будапештда 120 дақиқа оғир ўйин ўтказган аксар етакчиларга дам берар. Улар майдонга тушган тақдирда, тезроқ ўйин тақдирини ҳал қилиб, захирага ўтиришга шошилса керак.
Крамарич “Бавария” марказий ҳимоясидаги нуқсонлардан умид қилса, қаршисидан Нойер чиқиб келади.
Немис киперига “Олтин тўп”ни берилишига унинг ўтказилмаслиги ва Левандовски тўсқинлик қилмоқда.
“Атлетико” - “Гранада”
“Матрасчилар” ҳужумида Коста ва Суаресни кўриш учун ҳам ушбу учрашув трансляциясини кузатсак арзийди. Аммо бу ягона сабаб эмас. Кўпчилик сезмаган бир ҳолатда, бугунги “Гранада” Испаниянинг анча катта жамоасига айланиб бормоқда. Жамоа ушбу мавсум Европа Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиш учун квалификацияда иштирок этмоқда.
Бундан аввалги 2 та турда Ла Лиганинг ўз ўрнига эга клублари “Атлетик” Бильбао ва “Алавес”ни мағлуб этгани фикримизга исбот бўлиши мумкин.
“Манчестер Сити” - “Лестер”
АПЛ 3-турининг марказий беллашувларидан бирига ҳам етиб келдик. “Шаҳарликлар”нинг доимий ноқулай рақиби ҳисобланган “тулкилар” “Этихад”да меҳмон бўлади. Ченгиз Ундер трансфери “Лестер” учун анча фойдали бўлиши кутилмоқда. Тимоти Кастань эса аллақачон ўзини кўрсатишни бошлаб юборган.
Пеп шогирдлари куни кеча Англия Лига кубоги доирасида “Борнмут”ни қийинчилик билан таслим этди. “Лестер” эса “Арсенал”га имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди.
“Кротоне” - “Милан”
Мавсум аввалида “россонерилар”га анча осон рақиблар тушиб қолди. Ибрагимовичнинг коронавирус билан касалланганига қарамай, Пиоли шогирдлари дебютантларни қийинчиликсиз енга олса керак. Жамоада истеъдодлар анча кўпайиб қолди.
Ушбу учрашувни “Кротоне” ўйинига ҳақиқий баҳони бериш учун ҳам кузатишимиз мумкин.
“Рома” - “Ювентус”
Энди навбат А Серия 2-турининг асосий қарама-қаршилигига. Тобора кучсизланиб бораётган, инқироз ёқасига келиб қолган “Рома” “Олимпико”да “Ювентус”ни қабул қилади. Мората билан ҳужумни кучайтирган “кекса синьора” ўйинларини кузатишимиз учун янада сабаб кўпайди. Криштиану “Сампдория” дарвозасига неча-неча урунишлардан сўнг гол уришни уддалади. У жорий мавсумда ҳам ўз даражасини сақлаб қолиш ва янада кўпроқ совринларни ютишни мақсад қилган. Римда “Рома”га гол уриш эса доим ҳам қийин кечган.
“Реймс” - ПСЖ
“Марсель”га қарши жанжалли беллашувлардан кейин парижликлар жамоаси яна ўз ҳолига қайта бошлади. Аммо Ди Мария энди 4 та турда жамоасига ёрдам бера олмайди. Рақиб у қадар катта клуб эмас. Кайфияти яхши бўлса, Мбаппенинг бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин.
Муболаға учун узр, аммо ПСЖ ўйинларини голларга бойлиги учун ҳам севиб томоша қиламиз.
Биринчи поғонага қайтиш учун улар нафақат ўз учрашувларини ютишлари, балки рақобатчиларнинг қоқилишини кутиши ҳам даркор.
“Барселона” - “Вильярреал”
“Барселона” Ла Лигадаги иштирокини “сариқ сувости кемаси” вакилларига қарши ўтказади. Ғамгин Месси, жароҳатдан тикланган Дембеле, “Бавария”дан қайтган Коутиньо, янги келиб қўшилган Пьянич ва Тринкауни кўриш имкониятига эга бўламиз. Шунингдек, Унаи Эмери қўл остида ўз олдига янада улкан мақсадларни қўйган “Вильярреал” футболчилари “Камп Ноу” эгаларига етарлича бош оғриқ туғдира олишади.
“Ливерпуль” - “Арсенал”
Шунингдек, душанба оқшомида АПЛнинг энг марказий беллашуви ҳам бўлиб ўтади. Оғир иш кунидан сўнг, футбол кўриш қанчалик қийин кечмасин, асил мухлислар ушбу қарама-қаршиликни ўтказиб юбормайди. Айниқса, Клопп шогирдларида ўч олиш кайфияти ҳукмрон. Суперкубокдаги мағлубият учун ҳисоб-китоб қилиб олиш вақти келди.
Алкантара дебютида пенальтига сабабчи бўлиб қолган эрса-да, аллақачон рекордлар ўрнатишни бошлаб юборди. Унинг ҳаракатларини “канонирлар” билан кечадиган ўйинда кўриш қизиқ бўлади.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар