Дана Уайтнинг "юбкадаги аскарлари" ёхуд UFC нинг ёрқин уч юлдузи
ММА оламида кўплаб промоушенлар бор ва улар бир-биридан ажойиб турнирларни тақдим этиб келмоқда. Авваллари “Prayd» жаҳонда нуфуз жиҳатидан етакчи бўлган бўлса, кейинчалик бу мақомга UFC эришди. Албатта, бу борада Дана Уайт катта ишларни амалга оширган ҳолда, бу промоушен ташкил қиладиган жанг кечаларини бемалол профессионал бокс оқшомлари билан рақобат қила оладиган ҳолатга келтира олди.
Ҳозирги кунда UFC да жаҳоннинг энг кучли ММА жангчилари йиғилган. Нафақат эркаклар, балки аёллар ўртасида ҳам шундай деб айта оламиз. Умуман олганда, доимо UFC да аёллар ўртасидаги жанглар ҳам катта қизиқиш уйғотиб келган.
Ўз вақтида Ронда Роузи, Миша Тейт, Холли Холм, Крис Сайборг каби қизлар диққат эътиборни ўзига қаратиб, ажойиб жанглари билан UFC нинг нуфузини ошишига хизмат қилган бўлсалар, ҳозирда эса, бу промоушеннинг аёллар ўртасидаги “уч юлдузи” ўша Хабиб Нурмагомедов, Конор МакГрегор, Жон Жонслардан машҳурлик борасида сира қолишмайдиган даражага чиқа олишди, десак муболаға бўлмайди.
Ҳа, булар ўта енгил вазн тоифаси чемпиони Аманда Нуньес, супер енгил вазнда тенгсиз Валентина Шевченко ва “сомонча” дивизиони етакчиси Вэйли Жанглардир.
Бугун, биз мазкур “трио” ҳақида ва улар ўртасидаги эҳтимолий жанг, вазн тоифаларидаги вазиятлар ҳақида сўз юритамиз.
Тўғри, хитойлик жангчи қиз Нуньес ва Шевченкога нисбатан машҳурлик бобида бироз ортда бўлиши мумкин. Қолаверса, UFC да эндигина 5 та жанг ўтказди. Бироқ у тез суръатларда мухлисларнинг ёқимтойига айланиш билан бирга ўз дивизионининг чемпионига ҳам айланишга улгурди.
Шунингдек, Жанг UFC да Аманда ва Валентинадан камроқ жанг ўтказган. Лекин бу уларга нисбатан тажрибасиз дегани эмас. Чунки, Вэйли фаолияти мобайнида 22 бора жанг ўтказиб, бир бора мағлубият ва қолган барчасида муваффақият қозонган. Валентинада ҳам жами 22 та жанг мавжуд. Шуларнинг 10 тасини UFC да ўтказган. Унинг мағлубиятлар сони 3 тани ташкил қилади. Икки бор Аманда Нуньес ва Лиз Кармуш уни енга олган.
Бразиялик эса, битта кўпроқ яъни 23 бор октагонга кўтарилган. Уларнинг 13 таси UFC турнирларидан ўрин олган. Унда ҳам бир қатор мағлубиятлар бор... У фаолияти мобайнида 4 бора мувафаққиятсизликка учраган.
Вэйлининг икки ҳамкасби ёхуд эҳтимолий рақибаларидан устун томони UFC да мағлубиятга учрамаганлигидир.
Бу борада Амандани UFC 178 турнирида Кет Зингано техник нокаутга учратган бўлса, Шевченко эса, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, UFC 196 ва UFC 215 турнири доирасида айнан, Нуньесдан икки бора мағлуб бўлган эди.
Дарвоқеа, Вэйли ягона мағлубиятини 2013 йил ММА даги дебют жангида ватандоши Мэнг Бодан қабул қилиб олади. Бу ҳозирга қадар йўл қўйган ягона хатоси бўлиб турибди.
Хўш, булар қачон бир-бири билан тўқнаш келишлари мумкин?
Аманда ва Валентина бугунга қадар икки бор жанг қилишга улгуришди. Гарчи, бу тўқнашувларда бразилиялик жангчи қизни қўли баланд келган бўлса-да, кўпчилик бу фикрга қўшилмайди. Жумладан, Валентинанинг ўзи ҳам иккинчи жангдан сўнг, “У нимани эвазига ғалаба қозонди? Бор йўғи бир-иккита “тэйкдаун” ҳисобигами”,- дея, жанг натижасидан норози бўлган эди. Дарҳақиқат, уларнинг қарама-қаршилиги ҳар икки сафар ҳам тенг курашлар остида кечган десак янглишмаган бўламиз. Шундан келиб чиқиб, учинчи жанг ҳам қачондир бўлади...
Аслида, вазият ҳам шуни тақозо қиляпти. Яъни, улар ўз дивизионида қолган рақибаларидан бир бош устун эканлигини исботлаб улгуришди. Ҳар иккисига жиддий рақобат туғдира оладиганлар топилмаяпти. Шундай экан, Уайт чемпионлик камарларини бирлаштирувчи учинчи жангни ҳам ўтказишига ишончимиз комил.
Валентина билан Жоан Калдервуд жанги бўлиши керак эди. Афсуски, ҳозирги вазият ва қирғизистонлик жангчи қизнинг жароҳати сабабли қолдирилди. Лекин бу жанг кейинроқ барибир бўлади. Аманда Нуньес олдида эса, яқиндагина ўз вазнини ўзгартириб, юқори дивизионда битта ғалабага эришган Жулианна Пенья тўсиғи турибди. Маълумки, Жулианнани Шевченко ўз вақтида мағлуб этган эди.
Хуллас, улар мазкур жангларда ғалабага эришса, UFC уларга яна кўпи билан бир ёки икки жанг беради ва Валентина хоҳласа агар, ҳар иккиси ўртасидаги трилогия катта эҳтимол билан бўлади. Аманда биладики, уни мағлуб этиб қўйишга қодир бўлган рақибаси айнан Шевченкодир...
Шунинг учун, у томонидан ташаббус бўлади деган фикрдан йироқмиз. Валентина эса, реванш олишга ҳаракат қилса керак. Шу нуқтаи назардан, улар ўртасидаги учинчи жанг ташкил қилинади, деган фикрдамиз. Чунки бу тўқнашувни бутун дунё кутаётганлиги сир эмас. Сабаби, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, гарчи Аманда икки бор ғалаба қозонган бўлса-да, у яққол устун эмасди.
Қолаверса, Вэйли Жанг-Шевченко ҳамда Вэйли Жанг-Аманда Нуньес тўқнашувларини ҳам вақти келиб, гувоҳига айланишимиз мумкин.
Бу вариантлар орасида Вэйли Жанг-Шевченко қарама-қаршилигининг бўлиб ўтиш эҳтимоли юқорироқ. Чунки улар орасидаги вазн тофовути жуда кичик эканлиги, асосий омил деб айта оламиз.
Вэйли дастлаб, Роуз Намаюнас ҳамда Жессика Андраде жуфтлиги ғолиби билан жанг ўтказиши аниқ. Ушбу тўқнашувда ғалаба қозонган тақдирда ҳам, дарров Шевченко билан жанг қилади, деб ўйламайман. У яна бир-икки маротаба нисбатан соддароқ рақибалар билан октагонга кўтарилса керак. Шундан сўнг, бу жанг содир бўлиши мумкин.
Валентина ҳам Амандадан аввал, хитойлик қиз билан куч синашишни мақул топиши мумкин. Чунки, бу янги рақиб ва ўзгача “саёҳат” бўлади. Шунинг учун ҳам у Вэйли вариантини танлайди деган фикрдамиз.
Хуллас, бир-бирига мос рақиблар... Ҳар қандай ҳолатда ҳам улар ўртасидаги жанг қизиқарли ўтиши тайин. Лекин бу баҳслар албатта, бўлади. Чунки UFC, жумладан, Дана Уайт чемпионлар ўртасидаги жангларни ўтказишни жуда яхши кўради.
Шу ўринда бразилиялик футболчи қиз Мартани "юбкадаги Пеле" деб аташларидан хабарингиз бўлса керак. Шу каби бу уч жангчи қиз, UFC даги ажойиб фаолияти орқали Дана Уайтнинг "юбкадаги аскарлари"га айланиб улгуришди. Сабаби эса, ўзингизга маълум, улар аёллар ўртасидаги промоушен жангларига бўлган қизиқишни янада ошишига ҳисса қўшиш баробарида UFC нинг юзига ҳам айлана олдилар.
Фикрлар