"Дарвозабонимиз бизни қутқариб қолди". Хомяков "Андижон"нинг Жиззахдаги иродали ғалабаси ҳақида

“Сўғдиёна” – “Андижон” (1:2) ўртасидаги учрашувдан кейин меҳонлар бош мураббийи Александр Хомяков ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Албатта, ғалабадан ҳеч қандай муболағасиз жуда хурсандман. Тўғри, ўйиннинг охирги дақиқалари анча асабий ўтди. Лекин умумий маънода, ўйиндан ва натижадан қониқдим. Ҳа, ўйин назорати бошидан бизда бўлган бўлса-да, кутилмаганда дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Бу эса вазиятни ўнглашимиз учун бизга анча қийинчилик туғдирди. Биринчи бўлимда қанотлардан ҳам яхши ҳаракат қилишга, тўп назоратини сақлаб туришга интилдик. Қарши ҳужумларда ҳам чакки эмасдик. Бироқ биринчи бўлимда натижа биз ўйлагандек бўлмади. Худога шукрки, иккинчи бўлимда вазиятни ўнгладик. Олдинги интилдик ва керакли голларни урдик. Аслида вазиятни ўз қўлимизга олиб, шошилмасдан ҳаракат қилиб, ўз имкониятларимиздан фойдаланганимизда учрашув охирида бунчалик асабийлашмасдик. Лекин вазиятлардан фойдалана олмаганимиз туфайли баҳс сўнгги асабий тарзда кечди. Бир нечта ҳолатларда дарвозабонимиз бизни голлардан қутқариб қолди. Бу ҳам ғалабамизда муҳим омиллардан бири бўлди. Барча йигитларга борларини бериб, муваффақиятга эришганлари учун миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ўз ўрнида мухлисларимизга ҳам катта раҳмат. Бундан кейин ҳам олдинга интилишда давом этамиз.

- “Андижон” футболчилари кўп вазиятларда тўпни йўқотди. Бу нима билан боғлиқ?

- Тўғри, биринчи бўлимда ўйинимиз унчалик қовушмади. Фикрингизга қўшиламан, баъзи вазиятларда тўпга чиқишга аниқлик етишмади. Майдон марказидаги айрим хатоларимиз бизни қийин ҳолатга тушириб қўйди. Айниқса, рақибнинг қарши ҳужумлари хавфли эканлигини олдиндан ҳис қилгандик. Рақибимиз хатолардан ва қарши ҳужумлардан яхши фойдалана олишини ҳамда бу борада яхши ўйинчиларга эга эканини олдиндан билардик.

хомяков33_1

- Ҳакамга эътирозларингиз борми?

- Йўқ, қандай эътирозим бўлиши мумкин? Уларга ҳеч қанақа эътирозим йўқ. Тўғри, эмоцияга бой ўйин бўлди. Мен ҳам бир-икки марта ўйинчиларга кўрсатма берганимда бақиргандек бўлдим. Умуман, эмоцияларга бой ўйин бўлди, дейиш мумкин.

- Ҳакам техник зонага келиб ёрдамчи мураббийингизга сариқ карточка кўрсатди...

- Айтганимдек, эмоцияларга бой ўйин бўлди. Кўрсатма бераман деб олдинроққа чиққан бўлиши мумкин. Бу албатта ғалабани сақлаб қолиш йўлида йигитларга кўрсатма бериш ниятида бўлган. Бу вазиятда атайин қилинмаган. Умумий маънода, ҳакамларга эътирозим йўқ. Ҳа, Фарҳод Соҳибжоновга қизил карточка кўрсатилгани ёқимсиз бўлди. Учрашувни яхши бошлай олмадик, вазиятлардан фойдаланолмадик. Жамоамизга жон куйдирган ва ортимиздан келиб мухлислик қилган “Андижон” ишқибозларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

- Захирадан футболчиларни майдонга туширишингиз яна ўзини оқлади. Масалан, Соҳибжоновни ҳал қилувчи голни уришини сезганмидингиз?

- Юқорида қисман бу ҳақида жавоб бериб ўтдим. Шунингдек, Абдураҳмон Комилов майдонга тушгач, пенальти ишлади. Соҳибжонов эса гол урди. Албатта, олдиндан режалаштириб қўйгандик. Биласизми, ҳамма футболчилар майдонга тушишга лойиқ ва барчалари ғалаба қозонишга интилиб турадилар. Шу боис ҳаммаси олдиндан режалаштирилган. Жуда хурсандман. Жамоадаги барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ғалабага бўлган иштиёқи учун футболчиларимга раҳмат.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!