Давид Диаманте: "Исроил Мадримов ҳар қандай чемпион учун хавфли рақиб!"

  • 1 апрель, 2021, 22:43
  • 0
  • Бокс

- Аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз.

- Раҳмат! Бу ерда бўлиш жуда ёқимли.

-Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

-Албатта, Ўзбекистондаги бокс кечасида ишлашимдан жуда хурсанд бўлдим. Мен бу йигитлар билан олдиндан танишман. Улар жуда меҳнаткаш, иштиёқманд ва очиқкўнгил инсонлар. Мен олдин Россияга ҳам ташриф буюрганман. Албатта, баъзи фарқли жиҳатлари бор, лекин бир-бирига яқин бўлган минтақалар. Инсонлар менга жуда яхши муносабатда бўлишмоқда. Улар боксни жуда севишади. Қолаверса, халқингиз жуда ҳам меҳмондўст. Айниқса, таомлари ажойиб. Биз бу ерда буюк ипак йўлининг асосий қисмларидан бўлган, Самарқанддек тарихий шаҳарга саёҳат қилиш бахтига мушарраф бўлдик. Бу ерда жуда чуқур тарих мужассам. “Мatchroom” компанияси глобал кенгаймоқда ва биз учун Ўзбекистонда бўлиш шараф!

диа

- Сиз олдин ҳам ўзбек боксчиларини жангларида анонсер сифатида ишлагансиз ва улар билан яхши танишсиз. Аммо, айтингчи улардан қайси бири алоҳида сиз учун ёқадиган услубга эга?

- Тўғриси уларнинг барчаси мен учун бирдек. Чунки, ҳар бири улкан олимпия тажрибасига эга. Ўзбекистонда айнан бокс спорт турига эътибор катта. Мен уларнинг Америкадаги дебют жангларида ҳам қатнашганман. Гарчи, биз илк бора кўришган бўлсак-да, бир-биримизга жуда манзур бўлганмиз. Кейинчалик ҳам улар билан боғланиб, алоқани сақлаб қолганман. Шу билан биргаликда, уларнинг мураббийи Жоэль Диасни ҳам эътироф этиш жоиз. Биз тезда дўстлар бўлиб олдик.

- Муроджон Аҳмадалиевнинг чемпионлик жангидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Майамида Муроджон иштирокидаги чемпионлик жанги якунлангач, натижани кўрган биринчи инсон эдим. Жанг тенг курашлар остида ўтган ва Муроджон жуда ҳам ҳаяжонланаётган эди. Қўлимга натижаларни олдим ва қарадим.... Аммо Муроджонга ҳеч қандай имо қилмадим. Қўлим билан уни беркитиб олдим. Ҳакамларнинг қарорини ўқиб эшиттириб, “Ва янги.......” деган жумладан сўнг, Муроджоннинг хҳис-ҳаяжонларини кўриб, жуда таъсирландим. Бу жудаям завқли дақиқалар эди. 

мур

- Муроджон Аҳмадалиев Даниэль Романни яъни, сизнинг ватандошингизни мағлуб этиб, чемпионлик камарларини қўлга киритди.... Сиз буни қандай қабул қилдингиз?

- Йўқ, бу мен учун оддий ҳол. Ҳеч қачон айнан битта боксчига мухлислик қилмаганман. Чунки, барча жангчиларни бирдек ҳурмат қиламан. Сабаби, рингга қадам қўяр экансан, барчаси ўзгача бўлади. Бу умуман бошқача нарса. Бу ерда ким қайси давлатдан эканлигини фарқи йўқ. Ким бўлишидан қатъи назар, кучли боксчи ғалаба қозонишини хоҳлайман. Муроджон ғалаба қозонганида жуда хурсанд бўлганман. Албатта, Даниэль Роман ҳам менинг севимли боксчиларимдан бири, аммо мен ҳеч қачон айнан битта жангчига мухлислик қилмайман. Ҳаттоки Исроил, Шаҳрам иштирокидаги жангларда ҳам шундай. Улар яхши жангчилар лекин, зўрдан зўр чиқиши мумкин. Ким жангга жиддийроқ ва яхшироқ тайёрланган бўлса, ўша энг яхши боксчи ҳисобланади. Биз уларни барчасини ҳам  бир қарашда илғай олмаймиз. Боксчи ойлаб, йиллаб меҳнат қилади ва ким яхшироқ тайёрланган бўлса, ўша ғолиб бўлади.

- Қайсидир маънода, сизни бокс мутахассиси сифатида биламиз. Исроил Мадримовнинг вазн тоифасидаги чемпионлар:  Эрисланди Лара, Жермел Чарлога қарши имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Лара жуда кучли ва айёр боксчи. Албатта, Мадримов ҳам ундан қолишмайди. Исроил ўз вазнидаги ҳар қандай кучли боксчига қарши жанг қила олади. У жуда юқори даражадаги, ақлли ва атлетизми юқори бўлган чармқўлқоп устаси. Мадримов ҳар қандай боксчи учун хавфли рақиб ва чемпионларнинг қайси бири билан бўлишидан қатъий назар, жанг ажойиб бўлар эди.

- Интервью учун катта раҳмат!

- Сизларга ҳам ташаккур деб қоламан.

Аҳмадбек Эшматов ҳамда Жалол Аҳмедов суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!