Давлат Бобонов Жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди!

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионатининг бешинчи кунги баҳслари ўз якунига етди.

Токио-2020 Олимпиадаси олдидан ўтказилаётган сўнгги IJF мусобақасининг бугунги баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли келди. Жумладан, -90 кг вазн тоифасида медаллар ҳамда рейтинг очколари учун татамига чиққан юртдошимиз Давлат Бобонов финалга қадар етиб борди.

Олтин медаль учун кечган ҳал қилувчи беллашувда Бобонов асли грузиялик, ҳозир Испания терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Николоз Шеразадишвили билан куч синашди.

Тажриба бобида устунроқ бўлган испаниялик дзюдочи қўшимча бўлимдаги очко эвазига бу сафар ҳам ғалаба қозонди. Давлат Бобонов эса жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди ва икки йил аввал Шарофиддин Лутфуллаев қайд этган натижани такрорлади.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Бобонов ва Шеразадишвили икки бора тўқнаш келишган ва ҳар икки баҳсда ҳам омад Николозга кулиб боққанди.

Маълумот учун: Ўзбекистон тарихида фақат биргина спортчи – уч карра Олимпия ўйинлари совриндори бўлган Ришод Собиров дзюдо бўйича 2010 ва 2011 йилларда ўтказилган жаҳон чемпионатларида қаторасига икки бор олтин медалга сазовор бўлган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!