Даврон Файзиев: 10 киши бўлиб "Энфилд"да 25-30 дақиқа фақат чидаш мумкин, гол уриш қийин

ЕЧЛ "Ливерпуль" - "Интер" (0:1) баҳсидан сўнг таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида ўйин ҳақида фикр билдирди.

- Аламли ғалаба. Биринчи ўйинда "Интер" 0:2 ҳисобида ютқазган. Жавоб учрашувида иккита уриши шарт эди. Умумий вазиятлар бўйича англияликлар устунлик қилишди. Тўп уч бор тўсинга тегди. Тактик кураш бўлиши табиий эди. Айниқса, ҳисобни ушловчи "Ливерпуль" томонидан.

2-таймда "Интер"да ниманидир ўзгартириш учун де Врей ўрнига Д’Амброзио тушди. Барибир италияликлар иккинчи рақам бўлиб ўйнашди. Ана шундай вазиятлардан бирида тўп "Ливерпуль"дан олиб қўйилди. Тўртта пас ва Лаутаро Мартинес жарима майдони ташқарисидан тўпни юқори бурчакка қадаб қўйди.

Миланликлар қон исини сезиб шиддат билан олдинга ташланишди. Шиддат тушунчаси ҳаммага ҳар хил таъсир қиларкан. Голдан 1 дақиқа ўтгач, Алексис Санчес Фабиньонинг оёғига ташланди. Сариқ! Бор эди аввал Санчесда сариқ. Қизил. Унинг тўлқинида "Интер" ўриндиғидан ҳакамга ташланган яна кимдир хайдалди. 10 киши бўлиб "Энфилд"да 25-30 дақиқа фақат чидаш мумкин, гол уриш қийин. Уролмади "Интер" ва турнирни тарк этди. 0:1. "Ливерпуль" чорак финалда, - деди Даврон Файдиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!