Даврон Файзиев АПЛ трансляцияси ҳақида: Ҳали имконият сақланиб турибди

Бугундан Англия Премьер лигаси старт олади. Бироқ ҳозирча Ўзбекистонда қайси телеканал мусобақани трансляцияси қилиши номаълумлигича қолмоқда. Шу боис, таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев ўз телеграм каналида бунга ўз муносабатини билдирди.

"Бир неча кундан бери Англия чемпионати трансляцияси масаласидаги саволлар ёғилиб келмоқда. Биринчи навбатда айтиб ўтишим керак, шарҳловчилар мухлисларданда интиқлик билан бунинг ижобий ҳал этилишини кутяпти. Чунки биз учун бу шунчаки завқли томоша эмас, ишимизнинг ажралмас қисми. Шунинг учун томошабинлар биздан сўрагандек, биз ҳам "UzReport" раҳбариятдан янгиликларни доимий сўраймиз. Чемпионатлар хариди бўйича маълумот фақат раҳбариятда, чунки молиявий томони бор ва бу кўпинча тор доирада муҳокама этилади.

Билишимча, трансляция музокаралари хамон давом этмоқда. Дастлабки тур намойиш этилмаса-да, умумий мавсум кўрсатилиш эҳтимоли сақланиб турибди. Озгина кутишга тўғри келади. Тушунаман, ҳамма кўришни истаяпти, биз - барчадан кўпроқ. Тегишли масъуллар иш олиб бормоқда. Ҳал бўлишига умид ва ишонч бор. Ҳозирча билганим шу", — дейди Файзиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!