Даврон Файзиев: Ҳа, "Андижон"дан таклиф бўлди, фақат...

“Қўқон-1912” клубида бош мураббий Бахтиёр Ашурматовга яқиндан ёрдамлашаётган таниқли мутахассислардан бири Даврон Файзиевга ҳамон бошқа клублардан бош мураббийликка таклифлар келиб турибди.

Жумладан, “Андижон” жамоаси ҳам ушбу мураббий билан ҳамкорлик қилиш истагида. Мазкур масала юзасидан Даврон Орипович билан боғландик, лекин суҳбатни аввало Қўқондаги ишлари қандай кетаётгани, жамоанинг ижобий ўйинлари ҳақида бошладик.

-  “Қўқон-1912” учун биринчи давра бир мунча омадли кечди ва ҳозирда 3-ўринни эгаллаб турибди. Жамоанинг ижобий натижалар қайд этаётганининг асосий сабаби сифатида нимани айтган бўлардингиз?

-  Биринчи навбатда айтишим мумкинки, клуб тўғри йўлда кетяпти. Шунга монанд оқилона футбол сиёсатини олиб боряпти. Бундан ташқари, футболчиларнинг ҳам катта меҳнати ётибди. Шу билан бирга раҳбарият ва Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги мураббийлар штабининг ҳам саъйи-ҳаракатларини унутмаслик керак. Ҳамма нарсага фақат меҳнат билан эришилади. Шунинг учун “Қўқон-1912”нинг яхши иштирок этаётганида сир ёки бошқа нарса йўқ. Ўйиндан-ўйинга клуб олдига қўйган мақсади сари интилиб боряпти. Биринчи ўринда майдонда ҳаракат қилаётган футболчиларнинг меҳнатини айтишим жоиз. Қўқонда аъло даражадаги футбол муҳити яратилган. Шу боис ҳам ҳамма аҳил ишлаб келяпти.

-  Ўйинлар Тошкентга кўчирилишидан аввал жамоа ўз уйида жанговор ҳолатда ўйин кўрсатиб, деярли барча рақибларини ютди, бироқ сафарда бунинг аксини кўраётгандик. Сўнгра Тошкентда чемпионат марказлашган ҳолда ўтказилгач, истаймизми-йўқми, жамоалар гўёки сафарда ўйнаётгандек бўлишди. Лекин қўқонликлар шунда ҳам ижобий натижалар кўрсатишда давом этди. Демак, ўйинларнинг Тошкентга кўчирилгани “Қўқон-1912” учун фойдали бўлди десак бўладими?

-  Биринчи даврани Тошкентда ўтказиб қўйиш бўйича барча клублар бош мураббийларининг розилиги олинган ва шундан сўнг ушбу қарор қабул қилинди. Ҳамма бир хил вазиятда эди, пойтахт клубларини ҳисобга олмаганда. Қачондир қилаётган меҳнатларимиз ўз мевасини бериши керак эди. Сафарда Бекободда ҳам, Олмалиқда ҳам очко олишга яқин келгандик, аммо ўзимизнинг кичик хатоларимиз эвазига уч очко ололмагандик. Барибир сафарда ҳам ютишимизни билардик. Кейинчалик эса жамоалар учун уй ёки сафар деган тушунча аҳамиятсиз бўлиб қолди. Тан олиш керакки, биргина “Пахтакор”дан ташқари қолган барчаси бир хил шароитда эди. Шуни ҳам айтмоқчиманки, битта футболчи жамоанинг ўйинини белгилаб бермаслиги керак. Агар клубга бирор янги ўйинчи келса, ана энди натижа бўлади ёки кимдир кетса бу клубга салбий таъсир қилади демаслик лозим. Мана шу тушунчани футболчиларга сингдириш керак.

файзиев2_1

-  “Қўқон-1912”да сизнинг вазифангиз нимадан иборат?

-  Биринчи ўриндаги вазифам рақиблар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ва уларнинг ўйинларини таҳлил қилишдан иборат. Иккинчи вазифам шундайки, барибир бош мураббий билан футболчилар ўртасида бироз масофа бўлади. Шу боис кимнидир унга айта олмайдиган гапи бўлиши мумкин. Мен эса раҳбарият ҳамда бош мураббийнинг футболчилар билан ўртасида кўприк вазифасини бажараман.

-  Бунгача бош мураббийлик вазифасида ишлаганингиз боис сизни яна шу лавозимда кўришни истаётганлар бор. Сизни дастлаб “Сурхон” билан, кейин эса “Локомотив” билан боғлашди. Энди бўлса, “Андижон”ни бошқаришингиз ҳақида гапиришмоқда. Бундай вазиятга ўзингиз ойдинлик киритишингизни истардик...

-  Қисқа қилиб айтсам, “Андижон” клуби менга таклиф билан чиққан. Мени эса “Қўқон-1912” билан амалдаги шартномам бор. Уларга бизнинг раҳбарият билан боғланишларини ва қандай жавоб қайтаришига қараб, шундан кейин музокараларга киришишимиз мумкинлигини айтдим. Чунки клубим билан шартномам бўла туриб, бошқа жамоа чақирса, нарсаларимни йиғиштириб кетавермайман. Мен эса шартномамни ҳурмат қиламан.

файзиев4_1

-  Сир бўлмаса, қачон ва ким томонидан таклиф бўлди?

-  Келинг, бу ҳақида айтмай қўя қолганим маъқул. Менга қўнғироқ қилишганида аввало раҳбарлар билан гаплашишлари кераклигини айтганман. Агар мен билан боғланган одамни айтсам-у, эртага ўйлаган режалари амалга ошмаса, кейин унга ишни ҳал қила олмабсан-ку дейишлари мумкин. Бундай ҳолат охирги пайтларда футболда мода тусига кириб қолди.

-  Ўзингизга қолса, бош мураббий сифатида ишлаш иштиёқингиз қанчалик ёки Қўқонда қолиб Ашурматовга ёрдамлашишингиз маъқулми?

-  (Кулади) Мураббий учун фарқи йўқ. Тўғри, айрим мутахассислар мен фақат бош мураббий бўлиб ишлайман дейишлари ёки ҳамма шароити бор жамоада ишлашни хоҳлашар. Лекин мен мураббий сифатида ким бўлиб ишлашимдан қатъий назар муҳими ўз ишим билан шуғуллансам бўлди. Ёрдамчи ёки бош мураббий бўлсам ҳам муҳими ишимни юқори даражада бажаришга ҳаракат қиламан. Агар клубларда барча шароит бўлса, биласизми, ҳамма ҳам бош мураббий бўлиб ишлагиси келади. Тўғри, мураббий сифатида ўзимни ҳам ишлаш ниятим бор. Лекин вазият тақозоси билан бу йилнинг бошида Қўқон жамоаси билан шартнома имзолаганмиз.

-  Яқинда сизни “Локомотив”да ишлашингиз борасида ҳам хабарлар чиққанди. Бу ҳам ростмиди?

файзиев_4

-  Мени улар номзодлар орасида кўриб чиқишган. У ёғини билмайман. “Локомотив”дагилар мени номзодлардан бири сифатида кўриб чиқсак майлими деб сўрашган. Бу уларнинг ихтиёридаги ҳолат. Қолгани менга қоронғу. “Андижон” клубидек улар менга яққол таклиф билан чиқишмаган.

-  “Андижон”нинг биринчи даврани ғалабасиз якунлагани хусусида нима деган бўлардингиз?

-  Бошқа жамоа ҳақида фикр билдиришга йироқман. Аммо рақиб сифатида “Қўқон-1912”га қарши учрашувдан аввал “Андижон”нинг ўйинлари билан яқиндан танишиб чиқдим. Улар кўп ўйинларда ғалабага жуда яқин келишганди. Фақат оддий, майда хатолар эвазига рақиблар ўйин тақдирини ҳал қилиб кетишган. Аммо улар Қўқон билан беллашувда ҳам ғалабага жуда яқин эдилар. Фақат ўша куни уларга озроқ омад етишмади. Лекин ўйин борасида гапирадиган бўлсак, ўшанда “Андижон” бизга нисбатан яхшироқ ўйин кўрсатган. Фақат имкониятлардан фойдаланишда осқашди. Лекин футболчилар ҳақида баҳо бера олмайман, ҳозирда барча ўйинчилар бир хил ҳолатда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!