Даврон Файзиев: Ҳа, "Нефтчи"га янги футболчилар қўшиляпти, аммо ўзимни жамоам энг кучлиси!
“Бухоро” клубини Фарғонада “Ҳоким кубоги” мусобақасида иштирок этаётганини билсангиз керак. Улар шу билан бирга ўқув-йиғин машғулотларини ҳам ўтказмоқда. Сайтимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, жамоа таркибида ҳам ўзгаришлар юз бермоқда.
Бош мураббий Даврон Файзиев sports.uz учун “Бухоро”даги охирги янгиликлар ҳақида шундай деди:
- Жамоамизга Қаҳрамон Баҳодиров, Санъат Шихов, Азамат Исроилов каби ўйинчилар қўшилган. Шихов билан шартнома имзоладик. Жаппаров билан ҳам бир йиллик битим тузилди. Исроилов билан Баҳодиров масаласи тез кунларда ҳал бўлади. Жамоамизда туркманистонлик ҳужумчи Дидар Дурдиев кўрикда бўлиб турибди. У ўтган йили “Машъал”да тўп сурган. Тожикистонлик футболчи Даврон Эргашев масаласи ҳамон очиқ. У ҳозирда Тожикистон терма жамоасининг йиғинида иштирок этяпти. Ўша йиғиндан кейин вазиятга қараб гаплашамиз. Унга бошқа клублардан ҳам таклифлар бор экан. Бундан ташқари, жамоамизда легионерлардан қирғизистонлик Адилет Канибеков шуғулланяпти. Ёшлар терма жамоасида ўйнаган. У ярим ҳимоячи. Аммо ҳозирча бирор-бир фикр билдира олмайман. Ушбу футболчи ҳам ҳозирча кўрикдан ўтяпти. Ўйинларда текшириб кўряпмиз.
Шунингдек, “Бухоро”га яна бошқа легионерлар қўшиладими? Ёки юқоридагилар билан чекланмоқчими? Бу хусусида бош мураббийнинг жавоби қуйидагича бўлди:
- Ўзимизнинг чемпионатда тўп сурган футболчилар билан гаплашганмиз. Агар уларни ўз таркибимизга қўшиб ололмасак, унда яна легионерлар жалб қилишимиз керак бўлади. Бу борада ҳам музокаралар олиб бориляпти. Биз асосан ҳужумчи ва ҳимоячи позициясига олмоқчимиз. Россия, Украина, Сербия каби мамлакатлардан футболчиларни кўряпмиз. Чўнтагимизга қараб иш тутамиз. Ҳаммаси ўзимизнинг футболчилар масаласини қанчалик ҳал қила олишимизга боғлиқ. Лекин ўзим ҳам кўпроқ маҳаллий футболчиларимиз бўлишининг тарафдориман. Аммо ҳозир айтганимдек, ўзимиз истаган ўйинчиларни таркибга қўша олмасак, унда легионерларни кўриб чиқамиз.
Бухоролик бир қатор футболчилар жамоа билан бирга эмаслар. Мисол учун, Бобур Омонов ва яна бошқаларни айтиш мумкин. Маълум бўлишича, улар жароҳатланган. Лекин бош мураббий бухоролик ўйинчиларни ўз ҳолига ташлаб қўймоқчи эмас.
- Бобур Омонов, Беҳруз Шодмонов ва Бекзод Саидов ўтган йили жиддий жароҳат олишган. Ҳозир жароҳатларини даволатишяпти. Кимдир олти ой, яна кимдир саккиз ойга сафдан чиққан. Раҳбарлар билан гаплашиб, уларга ҳам эътибор қаратиш кераклигини илтимос қилдим. Раҳбарлар йўқ дейишмади. Агар яна ўйнаб кетишса, ўзимизга қайтарамиз. Улар “Бухоро” учун ўйнаб, жароҳат орттирган. Ўзим ҳам футболчи бўлганман ва бундай ҳолатни яхши тушунганим учун уларни кўчага ташлаб қўйиш яхши эмасди, - деди “Бухоро” устози.
Шу билан бирга жамоанинг кейинги режаси қандай бўлади? “Ҳоким кубоги” мусобақасидан сўнг, “Бухоро” тайёргарликни қаерда давом эттириши борасида ҳам мураббий шундай деди:
- Фарғонадан кейин Тошкентда йиғинимизни давом эттирамиз ва у ерда ҳам бир қатор назорат беллашувларини ўтказамиз. Аммо Фарғонадаги “Ҳоким кубоги”да ҳам ёмон ўйинлар бўлаётгани йўқ.
Про-лигадаги рақобат бу йил кучли кўринишда бўлиши шубҳасиз. Чунки у ердаги жамоалар ўз таркибларини анча кучайтиришяпти. Айниқса, “Нефтчи”нинг олиб бораётган селекцияси ҳам эътиборга молик бўлмоқда. Бу тўғрисида “Бухоро” устозига мурожаат қилган ҳолда ушбу жамоага қанчалик эътибор қараётгани билан қизиқдик.
- Ўтган сафар ҳам айтгандим, биз учун про-лигада қатнашаётган ҳамма жамоа асосий рақиб ҳисобланади. “Нефтчи”га келсак, ҳа, таркибига янги ўйинчилар қўшиляпти. Аммо ҳали мавсум узоқ, ҳамма нарсага вақт олий ҳакам. Кўрамиз, ўзаро ўйинларда “Нефтчи”нинг кучига баҳо берамиз. Ҳар бир мураббий ўз жамоасини кучли деб ҳисоблайди. Худди шу қатори мен учун ҳам ўзимнинг жамоам энг кучлиси.
Фикрлар