
Даврон Файзиев: Мотивация катта роль ўйнайди, аммо балансни сақлаш аҳамиятли
Бугун Ўзбекистон Миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Қирғиз Республикаси билан куч синашади. Ушбу баҳс олдидан футбол жамоатчилиги, хусусан, журналист, блогер ва футболчиларнинг фикрлари билан танишиб чиқдик.
Қуйида таниқли футбол шарҳловчиси ва УФА медиа департаменти бошлиғи Даврон Файзиевнинг ўйинолди фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Ўзбекистон - Қирғиз Республикаси ўртасидаги баҳсгача терма жамоамизнинг тайёргарлигига тўхталиб ўтадиган бўлсам, жамоамиз 3 кун машғулот ўтказди, лекин барчасида тўлиқ таркиб билан эмас. Аста-секин саф кенгайиб борди. Футболчилар клубдаги вазиятдан, ўйинлардан келиб чиқиб машғулотларга қўшилиб борди. Хаттоки Ҳожимат Эркинов фақатгина сўнгги машғулотда иштирок этди.
- Менимча, жисмоний тайёргарлик бўйича муаммо йўқ. Сабаби, барча футболчилар профессионал. Улар ўз клубида мунтазам шуғулланиб боришган. Деярли ҳамма яхши формада. Уларнинг вазифаси фақатгина мураббий режасини ўзлаштириш ва майдонда ўзаро бир-бирларини яхши тушуниб ҳаракат қилиш.
- Бир нечта футболчиларда микро жароҳатлар бор. Улар ҳам терма жамоада ўйнашни хоҳлайди ва иштиёқ билан етиб келди. Бироқ, машғулотлар давомида Остон Ўруновда муаммолар бўлди. Ҳозирда у шифокорлар назорати остида ва кеча бўлиб ўтган машғулотда иштирок этмади. Ҳимоячи Шерзод Насруллаев ҳам жамоа билан эмас, балки якка тарзда машғулот ўтказди.
- Қолган барча футболчилар тўлиқ жамоавий машғулотларда қатнашди.
- Қирғиз Республикаси терма жамоамиз билан куч балансини яхши билади ва шунга асосланиб тактика қўллайди.
- Энг муҳими, юзага келган вазиятларни голга айлантира олиш бўлди. Агар мана шу ҳолатда яхши кўрсаткич қайд этилса, 3 очкони қўлга кирита оламиз. Ҳозир бу очколар жуда муҳим.
- Тўғри, руҳий тайёргарликда мотивация катта роль ўйнайди. Бироқ, бу ерда ҳам балансни сақлаш аҳамиятли. Мотивация кўпайиб кетиши эса ҳаяжонга сабаб бўлади. Айниқса, бугун 35000 мухлисни сиғдира оладиган "Бунёдкор"нинг тўлиши кутилмоқда.
- Бугун жамоада совуққонлик билан охиригача курашиш каби ёндашув бўлиши керак.
Фикрлар