Даврон Файзиев ўзига қизиқиш билдираётган "Сурхон" ва бошқа таклифларга қандай жавоб берди? У "Қўқон-1912"ни тарк этадими?

Жиззахлик мураббий Даврон Файзиев одатда қийин шароитдаги клубларни бошқариб, уларни элитада сақлаб қолиши билан кўпроқ танилган, десак муболаға бўлмайди.

Бу мавсумда эса “Қўқон-1912”да бош мураббий Бахтиёр Ашурматовга яқиндан кўмаклашди. Лекин Файзиевни бош мураббий бўлиб ишлашига кўпчилик ўрганиб қолгани учун унга мавсум давомида таклифлар бўлиб турди ва бу ҳолат ҳозир ҳам давом этяпти.

Sports.uz мухбири Файзиев билан Қўқондаги фаолияти, иккинчи мураббий бўлиб ишлаш ўзига қанчалик ёқиши, янги мавсумда мустақил ишлайдими-йўқми, шу каби саволларга жавоб олди.

“Ашурматов бошчилигида яхши ишларни бажардик”

-  Ҳар бир жамоа учун бу йил жуда қийин ўтди. Бунга коронавирус асосий сабаб бўлди. Шунинг учун чемпионатни декабрь ойида якунлашга мажбур бўлдик. Мавсум жуда узоқ давом этди. Тўхталишлар кўп бўлди. Менимча, шу сабаб туфайли ҳамма клуб бир текисда иштирок эта олмади. Шу жумладан “Қўқон-1912”ни ҳам мавсумни бир хил темпда ўтказа олди деб айта олмайман. Бахтиёр Ашурматов бошчилигида яхши ишларни олиб бордик. Бунга натижа мисолида қараш мумкин. Лекин бундан-да юқори кўрсаткични қайд этишимиз мумкин эди. Барибир тўхталишлар юз бергани қаердадир халақит қилди. Статистикага қарасак, Қўқон жамоаси пастки ўринларни эгаллаб келаётганди. Бу йилги 5-ўринни эса яхши натижа деб ҳисоблайман. Ҳарқалай ўтган йилги натижа билан солиштирганда қониқарли деб ҳисобласак бўлади. Чемпионат охиригача қизиқ давом этди, курашлар кечди. Албатта, “Пахтакор” бундан мустасно. Бу клубнинг бошқалардан бир даража устунлиги чемпионат давомида кўриниб турди. Жамоамизни қўллаб турган ва оғир шароитда ҳам шароитларни яратиб бергани учун клуб раҳбариятига раҳмат айтаман.

“Шартномам тугаётган бўлса ҳам ўзимча кетдим деб айтмайман”

-  Клуб билан тузган шартномам шу йилнинг 31 декабргача. Таклифлар бўлди, мавсум ўртасида ҳам, охирида ҳам. Ўша пайт кўпчилик Даврон Файзиев кетади деб ўйлашди. Аммо менда шундай хусусият борки, бир жамоага боргандан сўнг, ишни охиригача етказиб қўйишни истайман. Лекин ёмон таклифлар бўлмаганди. Энди “Қўқон-1912”да қоласизми ёки кетасизми, деган савол бўлиши табиий. Ҳозир ҳам таклифлар бор, йўқ эмас. Олдин клуб раҳбарлари билан маслаҳатлашаман ва кейин қарор қабул қиламан. Шартномам тугаётган бўлса ҳам ўзимча кетдим деб айтмайман. Клуб раҳбарлари, фидойилари бор. Барибир уларнинг олдидан ўтиб, кейин қарор қабул қилсам керак. Бош мураббий ёки маслаҳатчи мураббийликни фарқи йўқ, клубга озгина бўлса ҳам ҳиссам қўшилаётганидан хурсандман. Қолгани раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда бўлади.

“Бош мураббий ёки ёрдамчи мураббийликнинг фарқи йўқ”

-  Бош мураббий барибир ҳамма жойда бош мураббий! Ёрдамчи сифатида ўзимни қандай ҳис қиляпман? Ҳамманинг фикри бир жойдан чиққанидан кейин сиз бош мураббий, униси ёрдамчи мураббий, бунинг фарқи йўқ. Шунинг учун клубда бу нарса аҳамият касб этаётгани йўқ. Мисол учун Қўқонда ўзимни ажойиб ҳис қиляпман. Йил бошида бизга ишониб вазифа юклашди ва охирида буни озроқ бўлса ҳам юқори нотада тугатдик. 16 декабрда чемпионатни якунладик, ҳали клубдагилар билан йиғилиб, гаплашганимиз йўқ. Янги йилдан кейин режамиз бўйича 4 январда Қўқонда тўпланамиз. Ўшанда ҳамма масалалар ҳал бўлади деб ўйлайман.

“Сурхон”га вазиятни тушунтирдим, улар мени кутадими-йўқми билмайман”

-  “Сурхон”дан тушган таклифга муносабатим яхши. Уларнинг таклифини ўзим учун ўрганиб, кўриб чиқяпман. Ёмон чақирув эмас. Лекин барчаси “Қўқон-1912” раҳбариятига боғлиқ. Бошида келишганимиздек, ҳар бир қарорни жамоани ҳурмат қилган ҳолда раҳбарлар билан бирга кўриб чиқамиз. Каптарга ўхшаб келдинг, дон чўқидинг ва учиб кетдинг, қабилида иш бўлмаслиги керак. “Сурхон” раҳбариятига ҳам вазиятни тушунтирдим, ўзимча қарор қабул қилмаслигимни ва “Қўқон-1912” мутасаддилари билан маслаҳатлашишимни, янги йилгача вақт беришларини айтганман. “Сурхон” мени кутяптими-йўқми, буни билмадим. Агар жавобим қониқтирмаган бўлса, бошқа вариантларни кўриб чиқишларинг мумкин, ҳеч қандай хафагарчилик йўқ, деб ҳам айтганман. Бундан ташқари, яна бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлди ва барчасига бир хил жавоб бердим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!