Даврон Файзиев ва Хайрулла Ҳамидов энди "SPORT TV"да ҳам футбол шарҳлайди

"UZREPORT TV" шарҳовчилари Даврон Файзиев ва Хайрулла Ҳамидов энди "SPORT TV" телеканалида ҳам фаолият олиб боради. Бу ҳақда Файзиевнинг ўзи телеграм канали орқали хабар қилди. 

"Мавсум бошланиши арафасида бир янгиликни сизга маълум қиламиз. Бизга Еврокубоклар, қолаверса барча нуфузли турнирлар ҳамда ЖЧни шаҳрлашимиз талаби билан футбол мухлисларидан минглаб мурожаатлар келиб тушади. (Бу албатта қувонарли ҳол, сал бўлса ҳам эътиборига тушганимиздан бағоят хурсандмиз). Лекин шу кунгача бунинг имкони йўқ эди. Чунки мамлакатимизда йирик турнирлар трансляцияси икки хил телекомпания томонидан амалга оширилади ва шарҳловчилар бўлинган ҳолатда ишлашга мажбур.

Юқорида айтганимдек, бу ҳол мухлислар эътирозига сабаб бўлаётганди. Шуни инобатга олган ҳолда, "UZREPORT" ҳамда "SPORT" телеканаллари истисно тариқасида мен ва ҳамкасбим Хайрулла Ҳамидовга иккала телеканал орқали йирик мусобақаларни мухлислар учун шарҳлаб бориш имкониятини тақдим этишди. Шу муносабат билан бизга ана шу таклиф билан чиққан "SPORT TV" директори Зоҳид Каримовга ҳамда бизнинг ва мухлисларнинг истагига бефарқ бўлмай, ана шу амалиётга розилик билдиргани учун "UZREPORT TV ва "FUTBOL TV" асосчиси Равшан Джураевга миннатдорчилик билдирамиз. Бу қадам Ўзбекистонда спорт трансляцияларини амалга оширишда рақобатлашаётган компанияларнинг ўзаро дўстона муносабатлари йўлида муҳим воқеага айланади деб умид қиламиз.

Ишонамизки, бошланаётган фантастик мавсум давомида телетомошабинлар билан бирга унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирамиз!", — деб ёзди Даврон Файзиев телеграм саҳифасида. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!