Даврон Ҳошимов: Купер хотиржамликка берилмаслигимизни тайинлаяпти
5 сентябрь куни терма жамоамиз ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичининг дастлабки турида сафарда Фаластинга қарши майдонга тушади. Айни пайтда эса вакилларимиз мазкур беллашув учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Терма жамоамизнинг ҳимоя чизиғида ўзининг мустаҳкам ўйинлари билан мураббийларнинг ишончини қозониб келаётган Даврон Ҳошимов ҳам саралаш баҳслари давомида бош мураббийнинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиши кутилмоқда. Шу боис куни кеча ушбу ўйинчидан бўлажак баҳс олдидан бир қатор саволларга жавоб олдик.
- Терма жамоамиздаги муҳит ва кайфият қандай? Тайёргарликлар қай тарзда олиб борилмоқда?
- Авваламбор, халқимизни Мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Энди йиғинга тўхталадиган бўлсам, биз 28 августдан бошлаб машғулотларга киришганмиз. Бунгача Элдор Шомуродов билан Икром Алибоевдан ташқари ҳамма йиғинга қўшилганди. Улар эса ўз чемпионатларидаги ўйинларини ўтказгач, терма жамоага етиб келишди. Бизда ички муҳит жуда яхши. Яқинда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан ҳам учрашдик. Улардан керакли маслаҳатларни олдик ва бизни қўллаб-қувватлашини таъкидлашди. Улар ҳам сиз берган саволларни беришди, ички муҳит ҳақида сўрашди. Кўз тегмасин, бизда ҳаммаси аъло даражада. 28 август куни тўпланган бўлсак, ҳаммамиз бир жойга йиғилганмиз, бор эътиборимиз ўйинга қаратилган. Ҳамма футболчининг бир жойда бўлиши жамоани янада мустаҳкамлайди ва бир-биримизни янада яхши тушунишимизга хизмат қилади. Тўғриси, ўйин учун жиддий тайёргарлик кўряпиз. Фаластиндаги ўйин сунъий қопламали майдонда бўлиб ўтишини инобатга олган ҳолда биз ҳам Чиғатойдаги сунъий майдонда машғулотларни ўтказдик.
- Тўғри, Фаластиннинг асосий ўйин ўтказадиган стадиони сунъий майдон ҳисобланади. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, бундай жараёнга мослашиш учун сизлар ҳам мана шундай майдонда шуғулланяпсизлар. Айтинг-чи, сунъий қопламали майдонда ўйнаш сизларга қайси томонлама ноқулайлик туғдириши мумкин?
- Йиғинга киришганимиздан бери Эктор Купер бизга ҳамма нарсани тушунтириб боряпти. Яъни, биз барчасига кўникишимиз керак, ёмғирми, қорми, совуқми ё иссиқми, бизга ёқмаса ҳам бу ҳолатга мослашишимиз лозим деб тинмасдан уқтириб бормоқда. Шу сабабли 28 августдан буён атайин сунъий майдонда машғулот ўтказиб келяпмиз. Бошида Купер биздан ким сунъий майдонда ўйнамаган деб сўради. Лекин биз бундай майдонларда ҳам футбол ўйнаганимиз учун ҳаммамиз Купернинг саволига ўйнаганмиз деб жавоб бердик. Шунинг учун умид қиламанки, Фаластинда майдон билан боғлиқ унчалик қийинчилик бўлмайди деб ўйлайман. Бир сўз билан айтганда, ҳар тарафлама мослашишимиз даркор. Бош мураббий ҳеч қандай баҳона қилиш бизга ярашмаслигини, қандай майдонда ўйнашимиздан қатъий назар фақат ғалаба билан қайтиб келишимизни тайинлаяпти.
- Ҳар доим мусобақанинг биринчи ўйини жуда муҳим ҳисобланади. Айниқса, ғалаба билан бошлаб олиш катта аҳамиятга эга. Тўғри, рақиб бизнинг савиямиз билан тенглаша олмайди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам рақибга ҳурмат билан ёндашиш лозим. Шундай экан, бўлажак рақибни ўрганиш қандай давом этяпти ва Фаластин ҳақида нималарни айтган бўлардингиз?
- Тўғри айтяпсиз, биринчи учрашувни ғалаба билан бошлаб олишимиз муҳим. Шу билан бирга доимо илк ўйин қийин бўлишини ҳам биламиз. Одатда дастлабки беллашув гўёки олти очколик ўйин мақомига тенг бўлади. Боз устига биз меҳмонда уларнинг мухлислари қаршисида ўйнаймиз. Барибир биз бу беллашувга яхши тайёргарлик кўряпмиз. Мураббийларимиз ҳам ҳеч қачон рақибдан кучлимиз дея, бўшашиб қолмасликни ва рақибларни ҳурмат қилишимизни тайинлашяпти. Кучли бўлсанг, майдонга чиқиб буни исботла ва ғалаба қозон, деган гапларни бизга уқтиришяпти. Фаластин ҳам яхши рақиб. Ҳозирда кучсиз рақибларнинг ўзи қолмаяпти. Шундай экан, ҳар қандай жамоа ҳам очко олиш илинжида бўлади. Лекин биз бундай бўлишига йўл қўймаймиз. Бизнинг мақсадларимиз юқори даражада. Биз футболчилар у ерга нима мақсадда бориб ўйнашимизни жуда яхши тушуниб турибмиз.
- Бунгача охирги бор терма жамоамиз ёзда йиғин ўтказганди. Ўшанда Купер тайёргарликдан кўнглим тўлди деганди. Энди эса ҳал қилувчи босқич бошланмоқда. Айтинг-чи, ҳозирги пайтга келиб бош мураббий бошчилигида қандай услуб ва тактика асосида шуғулланяпсизлар?
- Мураббийларимиз иккита режа асосида ишлашяпти. Аниқроғи, «А» ва «В» режалари асосидаги тактикалар устида иш олиб боряпмиз. Ҳаммасини 5 сентябрь куни бўладиган ўйинда кўрасизлар. Лекин олдиндан ҳаммасини ошкор қилмоқчи эмасман. Муҳими, ўша куни ҳужумкор футбол кўрсатамиз. Купер ҳам машғулотлардан қониқяпти ва қаерда қандай камчилигимиз борлигини билган ҳолда уларни ҳам бартараф этиш устида ишлаяпмиз. Хоҳлаймизми-йўқми, Фаластинга қарши биринчи рақамли жамоа бўлиб майдонга чиқамиз.
- «Локомотив»да Самвел Бабаян бошчилигида бошқача ўйин услубида ўйнаяпсизлар. Терма жамоада эса Купер қўл остида ундан фарқ қиладиган тактик схема бўйича ишлаяпсизлар. Бундай жараёнга кўникиш қийин кечмаяптими?
- Купер билан анчадан бери ишлаяпмиз. Шу сабабли уни биздан нимани талаб қилаётганини биламиз. Доим бизга клубга борганда мураббийларингизнинг кўрсатмаларига амал қилинглар, терма жамоада эса бизнинг айтганларимизни бажарасизлар деб уқтириб келишади. Масалан, терма жамоага янги келган Шароф Муҳитдинов билан Азиз Ғаниевга ҳам шу ҳақида тушунтириш беришди. Шунинг учун терма жамоада шубҳасиз мураббийларнинг кўрсатмалари асосида ўйнаймиз. Доим қайси мураббий билан ишламайлик, унинг услубини бажарамиз. Профессионал футболчи ҳар қандай мураббий билан ишлаб кета олиши керак.
- Умуман айтганда, гуруҳимиз ҳақидаги фикрингизни билмоқчиман.
- Гуруҳимизни ёмон деб ўйламайман. Рақибларимизни футболи энди ривожланаётган мамлакатлар деб ҳисоблайман. Бундай жамоаларга қарши ўйинлар эса аксинча оғир бўлиши мумкин. Ривожланишни истаётган жамоалар кўпроқ ўзларини кўрсатгиси келади. Бу босқичда бизга осон бўлади деб ўйламайман. Купер ҳам бизни асло хотиржамликка берилмаслигимизни айтиб ўтяпти.
- Олдиндан башорат қилиш тўғри эмас-ку, лекин Фаластин билан учрашувда кўпроқ қандай ҳисоб қайд этилиши мумкин деб ўйлайсиз?
- Купер бизга ютишнинг сири йўқ деб айтяпти. Ғалаба учун кўпроқ меҳнат қилиш керак ва шунда омад ҳам сиз томонда бўлади. Майдонга тушганда боримизни берамиз. Асосий ҳужумчимиз Элдор Шомуродов эса ҳозир ажойиб формада. Умид қиламизки, унинг ҳам жамоамизга катта ёрдами тегади. Бу биринчи ўйин бўлгани учун аҳамияти катта. Муҳими, уч очкони қўлга киритиб ортга қайтамиз.
Фикрлар
Мухлисларимиздан шуни илтимос килардимки, у уйинчини чакириш к/к буниси ортикча деган гап сузларни бас килиб факат куллаб кувватлайлик.
Бош мураббий Купперни танловини хурмат килиб, футболчиларни булажак учрашувлардан олдин рухан синдириб куйиш яхши иш эмас.
ОМАД УЗБЕКИСТОНИМИЗГА !!!