"Демак, клуб раҳбарларини мен билан ҳамкорлик қилиш ниятлари бўлмаган" - Про лигада бош мураббий жамоадан кетганини клуб расмий канали орқали билди
Про лига вакили – “Янгиер” жамоаси ўтган йили ўз имкониятидан келиб чиқиб чемпионатда иштирок этди. Айниқса, бош мураббийлик лавозимига Диёр Мирзабоев келгач, жамоа ўйини ва натижалари бир мунча яхшиланди.
Аммо мазкур ҳолат охиригача барқарор давом этгани йўқ. Маълумотларга қараганда, 2023 йилда “Янгиер”ни бошқа мураббий бошқараркан. Бу хусусида клуб расмий канали хабар берди. Диёр Мирзабоев эса бу борада Sports.uz сайтига интервью берди.
- Яқинда “Янгиер” клуби расмий каналида 8 январь куни жамоа йиғилиши ва унда янги бош мураббий билан ишга киришиши ёзилган. Бундан чиқди, клубдан кетдингизми?
- Ҳа, клуб расмий каналида “Янгиер” жамоаси янги бош мураббий бошчилигида янги мавсумга тайёргарликни бошлаши хақидаги маълумотни мен ҳам ўқидим. Шартномам муддати тугади. Лекин клуб раҳбари ёки бошқа бир клуб ходимлари томонидан яна ҳамкорликни давом эттириш бўйича хеч ким билан гаплашмадим. Демак, клуб раҳбарларини мен билан хамкорлик қилиш ниятлари бўлмаган. Нима ҳам дердим, бу – футбол. Бундан чиқди, “Янгиер” клуби раҳбарлари ортда қолган мавсум учун мураббийдан қониқиш ҳосил қилишмаган.
- Умуман айтганда, “Янгиер”да ўтказган фаолиятингизни қандай баҳолайсиз ва сиз жамоада дуч келган энг катта тўсиқ нимада бўлди?
- “Янгиер”да ўтказган мавсум мен учун катта мактаб бўлди. Тўғри, ишга киришишим билан ҳаммаси яхши бошланди, ғалабалар, керакли очколар қўлга киритилди, молиявий ҳолатимиз ҳам про лига учун яхши эди (Вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорчилигимни билдираман). Иккинчи давра бошланиш арафасида молиялаштиришда пасайиш кузатилди. Шунинг учун етакчи футболчилар билан келишилган ҳолатда шартномаларни бекор қилишга тўғри келди. Иккинчи даврани ёш жамоа билан бошлайдиган бўлдик.
Катта тўсиқ? Ёш жамоа билан ҳам яхши натижа қила оладиган таркиб йиғилганди, лекин рағбатлантириш ўз вақтида бўлмади. Ойлик маошлардан катта қарзлар юзага келди, нимага бунақа бўлгани менга қоронғу. Мени билган ва яхши таниган инсонлар бу ҳолатимизни яхши билишади.
- Эшитишимча, клуб футболчилари қарздорлик юзасидан Ўзбекистон футболчилар уюшмасига арз қилишган. Сиздан ҳам қарздорлиги борми?
- Ҳа, футболчи ва клуб вакиллари олдида жамоани қарздорлиги бор. Ношукур эмасмиз, оз миқдорда бўлса ҳам қарздорликлар бартараф этиляпти. Футболчилар арз қилишгани бор гап.
- Мураббий сифатида ушбу жамоани бошқариш орқали ўсишга эришдим, дея оласизми?
- Албатта, ўсишга эришдим. Ҳар бир орта қолган мавсум бу мен учун мактаб. Ўтган 3-4 йилги 1-лига эмас бу, Про лига ўсган. Ортда қолган мавсумда йўл қўйган хатоларимни мураббий сифатида ўзим яхши биламан, бу мен учун катта мактаб бўлди.
- Хизматингизга қайси клублардан қизиқиш борлиги ҳақида аниқ маълумот айта оласизми? Кейинги режаларингиз қандай?
- Ростини айтаман, таклифлар бор. Лекин мен ўз олдига юқори мақсадларни қўйган клубда ишламоқчиман. Фақат жамоани шуғуллантириш ва йилни қандай ўхшаса шундай тугатадиган клубда ишлаш мен учун ортга қадам деб биламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар