Денгиз сатҳидан 1820 метр баландликда, қор устида поло мусобақаси ташкил этилади

Поло – бетакрор ва ажойиб спорт турларидан бири. Ушбу мураккаб ва қизиқарли жамоавий ўйин тури спортчилардан тана ва отни моҳирлик билан, мукаммал даражада бошқариш ҳамда юқори концентрацияни талаб қилади.

Полонинг келиб чиқиши улуғ аждодларимизга бориб тақалса-да, унинг спорт тури сифатида шаклланиш тарихи Буюк Британия билан боғланади. Инглиз мустамлакачилари Ҳиндистонни забт этишгач, ушбу ўйинни Британияга олиб кетишади. Европада замонавий от пойгаси мухлислари жамоавий ўйиннинг янги қоидаларини ўйлаб топишади ва уни мукаммал спорт тури сифатида дунёга олиб чиқади.

Ўзбекистон ҳудудларида поло спорт турига пойдевор вазифасини ўтаб берган чавгон ўйини билан қадимдан шуғулланиб келган, зеро ота-боболаримиз орасида от пойгаси, улоқ-кўпкари каби этноспорт турлари кенг оммалашган бўлса-да, бироқ мамлакатимизда замонавий спорт тури сифатида от полоси яқиндан ривожлана бошлаган.

Жумладан, 2018 йилдан Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида поло ўйнаш учун қулай бўлган поло-пони ва қорабайир отларини кўпайтиришга бағишланган янги замонавий мажмуалар очиш бошланди. 2020 йилга келиб Ўзбекистонда поло федерацияси очилди.

2021 йил 5 августдаги “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги Президент қарори эса юртимизда полони ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси доирасида Ўзбекистон поло федерацияси томонидан 2022 йил 9 январь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Amirsoy Polo cup-2022” мусобақаси ташкил этилади. Мусобақа Ўзбекистонда ушбу спорт турини кенг оммалаштириш ва юртимизда от полосини ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, от полоси бўйича мусобақа 2021 йил январь ойида ҳам “Amirsoy Resort” тоғ мажмуасида ўтказилган эди. Мусобақа денгиз сатҳидан 1 820 метр баландликда бўлиб ўтади ва Ўзбекистоннинг баланд тоғли ҳудудида ўтказилган қор полоси бўйича жаҳон тарихидаги илк мусобақага айланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!