Денис Иванков: "Занетти Ўзбекистон терма жамоасига омад тилади"
Юртимизда дарвозабонлар мураббийлари орасида Денис Иванков алоҳида аҳамиятга эга. Боиси у бир нечта дарвозабонларни етиштириб чиқарди ва бу жараён ҳали ҳамон давом этмоқда. Қолаверса, Денис Александрович ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош мураббий Эктор Куперга дарвозабонлар мураббийи сифатида яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Бунинг учун у “Насаф”даги фаолиятини тугатишга мажбур бўлди ва энди бор эътиборини терма жамоага қаратган. Иванков ҳақида гап кетганда шуни айтиш жоизки, у ҳозирги ривожланиб бораётган футболдаги замонавий мураббийлардан бири саналади. Ҳеч қачон ўз устида ишлашдан тўхтамайди. Шу мақсадда Денис Иванков яқинда Италияга бориб Миланнинг “Интер” клубида малака ошириб қайтди. Бу эса унинг фаолиятида асқотиши турган гап. Мутахассис Миландан қайтиб келганидан сўнг сафар таассуротлари билан қизиқиб кўрдик.
- Малака ошириш мақсадида “Интер” клубида амалиётда бўлдингиз. Айтишларича, сафарингизни миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ташкиллаштирган. Аслида ҳам шундайми?
- Куни кеча Миландан уйга қайтдим. Ҳа, “Интер”да амалиётда бўлдим. Бу борада жаноб Купер “Интер” клубининг вице-президенти Хавьер Занетти билан ҳаммасини келишиб қўйганди. Чиндан ҳам сафаримни терма жамоамиз бош мураббийи уюштирди.
- Хўш, Италия сафаридан қандай таассуротлар билан қайтдингиз?
- Таассуротларим бир-биридан зўр! Мураббийлар билан танишдим, суҳбатлашдим. Айниқса, дарвозабонлар мураббийи билан жуда чиқишиб кетдик. Бутун машғулот жараёнини диққат билан кузатдим. У ерда одамлар жуда самимий экан.
- Агар сир бўлмаса Хавьер Занетти билан нималар ҳақида гаплашганингизни айтиб бера оласизми?
- Асосан Купер ҳақида суҳбатлашдик. Шунингдек, у менга жамоадаги иши борасида ҳам гапириб берди.
- Занетти сиздан ўзбек футболи ҳақида ҳам сўрадими?
- Хавьер Занетти мендан жаноб Эктор Купернинг терма жамоадаги иши қандай кечаётганлигини билмоқчи бўлди. Албатта, у терма жамоамизга катта муваффақиятлар ёр бўлишини ва жаҳон чемпионатига чиқишни тилаб қолди.
- Сиз шундоқ ҳам ўзига яраша тажрибали мураббийсиз. Италия сафари чоғида яна нималарни ўргандингиз?
- Албатта, ўрганаман-да... Ахир ўқиш ва ўрганишнинг чек-чегараси бўлмайди. Қолаверса, ҳамма вақт нимадир янги нарсадан хабардор бўлиш жуда ёқимли. Бундай имкониятни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қиламан. Биласизми, энди Киевнинг “Динамо”сига бораман. Чунки у ердан менга таклиф келиб тушган.
- “Интер”да дарвозабон Самир Ханданович жамоа сардори ҳисобланади. Ушбу ижрочи сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ҳа, гапингиз рост. У клуб сардори вазифасини бажариб келмоқда. Нафақат Ханданович, балки “Интер” футболчиларининг ишга бўлган муносабати мени жуда ҳайрон қолдирди. Жумладан, дарвозабонлар ҳам.
- Юқорида Киев “Динамо”си томонидан таклиф олганингизни айтдингиз. Қизиқ, улар алоқага ўзлари чиқишдими ёки бу ерда кимдир воситачилик қилдими?
- Мен Александр Хацкевич ва албатта Максим Шацких билан яхши танишман. Айнан улар мени Киевга чақиришди.
- Сизнинг Италияга тез-тез бориб туришингиздан хабаримиз бор. Италия сиз учун доимий яшаш жойи ҳисобланадими?
- Ҳа, менинг Италия ва Украинада ўз уйим бор.
- Яқинда Игнатий Нестеровни дисквалификация қилишди. Айтинг-чи, бундай қарор сизни ҳайрон қолдирдими?
- Ҳа. Игнатий билан юз берган ҳолатдан хабарим бор. Унинг нима сабабдан тақиқланган моддалар сирасига кирган дорини билган ҳолда қабул қилганидан ажабландим. Аммо куни кеча бу иш юзасидан ҳукм чиқарилди. Умид қиламанки, октябрда у сафда бўлади.
- Бу хусусида унинг ўзи билан гаплашдингизми?
- Бўлмасам-чи! Мен нафақат Нестеров билан, балки бошқа дарвозабонлар билан ҳам доим алоқада бўлиб тураман.
- Нестеровнинг терма жамоадаги ўрни қай даражада? Қайси дарвозабон унинг ворисига айланиши мумкин: Қувватовми ёки Суюнов? Ё яна бошқа номлар ҳам борми?
- Албатта, Нестеров катта ҳарфлар билан ёзилишга муносиб дарвозабон. У ўзбек футболи учун жуда кўп ишларни амалга оширган. Айни чоғда унинг термадаги келажаги хусусида бирор нарса дейишга ҳали эрта. Бизда дарвозабонлар ўртасида соғлом рақобат бор ва ким кучли бўлса, ўша майдонга тушади.
- Чемпионатимиздаги қайси ёш дарвозабонлар сизда яхши таассурот қолдирмоқда?
- Бундайлар етарлича топилади. Масалан, Ботирали Эргашев, Низомиддин Зиёвуддинов ва Абдувоҳид Неъматовни кўрсатишим мумкин. Хусусан, Неъматов “Насаф” таркибида охирги учта ўйинни жуда яхши ўтказди. Умуман айтганда, бизда яхши йигитлар кўп. Фақат улар билан тўғри ишлашни билиш керак.
Фикрлар