Денис Коростиченко: "Биз фақат бир нарсани ўйлаймиз..."
Про лиганинг 16-туридаги марказий ўйин – “Динамо” ҳамда “Локомотив” иштирокидаги баҳс кўпчиликнинг эътиборида эди. Мурорасиз учрашувда голлар бўлмади. Беллашувдан сўнг “Локомотив” устози денис Коростиченко фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин, бугун майдонда ҳар икки жамоа ҳам кураш олиб борди. Гарчи дарвозаларга тўп киритилмаган бўлса-да, ўйин мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун курашди.
- "Локомотив" бу йил "Динамо"га қарши 3 марта баҳс олиб бориб, бирортасида ғалаба қозона олмади. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Тўғри, шундай бўлди, лекин бу ерга фақат уч очкони кўзлаб келгандик. Энг муҳими, бугунги ўйиндан кейин турнир жадвали пешқадамлигини сақлаб қолдик. "Динамо"га қарши Про лига доирасидаги иккала баҳс дуранг билан якун топди. Кубокда ютқазиб қўйганимизга келсак, у ўйинда бошқача режаларимиз бор эди, аммо ўзгартиришга тўғри келди.
- Охирги пайтларда Суперлига ўйинларида сизни кўп бор стадионда кўряпмиз. Бу келаси мавсумга ҳозирдан режа қилаётганингизни билдирадими?
- Йўқ. "Локомотив" ҳали вазифани бажаргани йўқ. Шу боис бирданига кейинги йилни ўйлаш нотўғри. Тошкент жамоаларидан Про лигада фақат биз қатнашяпмиз, шунинг учун бўш вақт бўлди дегунча Суперлига ўйинларига боряпмиз.
- Жамоа Суперлигага чиқиш вазифасини неча фоизга уддалади деб ҳисоблайсиз?
- Бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. Чунки футболда олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Қолаверса, кейинги турларда нима рўй беришини ҳам билмайман. Кутилмаганда "Арал"га ютқазиб қўйдик ёки бўлмаса "Динамо" Андижонда очко йўқотди. Кўряпсизми, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз фақат бир нарсани ўйлаймиз, чемпионат охиригача биринчи ўриндан тушмасликни.
- Бироз танаффусдан сўнг Боян Найденов яна сафга қайтди. Унинг ўйини ва ҳолати ҳақида фикрингиз?
- Боян жароҳат олганди ва даволаниб яна сафимизга қайтди. Уни олдинроқ майдонга туширишни мақсад қилгандик, бироқ Нукусда сунъий майдонда тўп тепишга тўғри келди. "Хоразм" билан уйдаги ўйинда эса юз фоиз тайёр эмасди. Бугун эса жуда оғир учрашув бўлди ва бундай ўйинга тезда киришиб кетиш осон эмас. Ўйлайманки, Боян тез орада жисмоний ҳолатини тўлиқ яхшилаб кейинги ўйинга тайёр бўлади.
Фикрлар