Денис Коростиченко: Осон бўлмаслигини кутгандик. Ўйин охирида тўпни тепиб юборишга ҳам тайёр эдик

Про лига 18-тури доирасида "Ғиждувон" - "Локомотив" баҳси ўтказилди. Беллашувда "темирйўлчилар" 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Ягона гол Иван Соловьёв томонидан киритилди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббий Денис Коростиченко ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- "Ғиждувон" шундай ўйин кўрсатишини кутгандик. Биринчи бўлимда ишлар унчалик ўхшамади, иккинчисида ҳам. Бугун ғалаба қозониб, уч очко қўлга киритганимиз энг муҳими бўлди.

- Гол ҳақида фикрингиз. Чиройли гол урилди.

- Стандартдан кейин уриладиган голни анча вақт кутдик. Бугун яхши кун бўлди, чунки стандартдан гол ура олдик. Узоқ вақт стандартлардан гол уриш бўйича ишладик. Шу боисдан бугунги кунни қувончли кун десак бўлади.

- Ўйиннинг оғир ўтишини кутганмидингиз?

- Осон бўлмаслигини кутгандик. Ўйин охирида ҳимояда ўйнашга, тўпни тепиб юборишга ҳам тайёр бўлиб тургандик. Aйтганимдек, барча режалар амалга ошмади. Ўйинни кўриб чиқамиз, тахлил қиламиз ва йигитлар билан бу борада гаплашиб оламиз.

- Кейинги тур ўз майдонимизда "Шўртан"га қарши ўтказилади. Бу ўйинга жамоа қай тариқа тайёрланади?

- Сўнгги ўйинлар анча қийин ўтади. Жамоани режа бўйича тайёрлаймиз. Ўз майдонимизда ютишга мажбурмиз.

- Биринчи бўлимда голга тортадиган яхши вазиятлар бўлди, бироқ гол урилмади. Футболчиларда ёки ўзига бўлган ишонч кўпайиб кетдими ёки бошқа сабаб бўлдими?

- Бундай пайтда футболчида гол уриш ёки урмасликдан бошқа фикр бўлмайди. Қайердадир дарвозабон яхши ўйнади ва жамоасини голдан сақлаб қолди. Қаердадир ўзимиз яхши вазиятда рақиб дарвозасига ноаниқ зарба йўлладик. Сабаб сифатида техник "браклар"ни ёки рақиб посбонининг маҳоратини келтириб ўтсам бўлади. Нафақат ушбу вазиятлар, балки, бошқаларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Aсосийси - осон бўлмаган сафар ўйинида уч очко олдик. Энди навбатдаги ўйинга тайёрланамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!